4-сектор: Форишнинг олис Дарвоза МФЙда сайёр қабул ўтказилди

Улашиш:

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилгани ўзига хос тизим сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда. Зеро, ҳар бир сектор раҳбарлари ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш баробарида жойлардаги турли муаммоларнинг ҳал этилиши, ҳудудлар қиёфаси ўзгаришига кўмаклашмоқда. Вилоят 4-сектори раҳбари кеча Фориш туманининг энг олис маҳалласи ҳисобланган Дарвоза МФЙда навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.

Вилоятимиздаги ҳудуди энг катта туман Фориш ҳисобланади. Вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор томонидан ушбу туманни комплекс ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва тегишли тартибда бартараф этиш мақсадида доимий равишда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули айнан олис ҳудудда жойлашган Дарвоза МФЙда ўтказилди. Маҳалла Жиззах шаҳридан 170 км, Фориш тумани марказидан эса 240 км олисда жойлашган. Ушбу маҳаллага бориш учун энг яқин масофа Арнасой туман ҳудуди орқали борилади. Айдар-Арнасой кўллар тизими ва чўл қумлоқлари орасидан бориладиган ушбу маҳаллада айни пайтда 310 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосан ўзбек, қозоқ, тожик ва туркман миллатига мансуб фуқароларнинг асосий машғулоти чорвачилик ва балиқчиликдан иборат. 

Қишлоқ ҳудудида жойлашган 50-мактаб биносида ташкил этилган сайёр қабулда аҳоли томонидан электр энергияси узлуксизлиги, янги трансформатор ўрнатиш, интернет тармоғи сифатини яхшилаш, МФЙ учун янги бино ҳамда мактаб жамоаси учун фаоллар зали қуриш, йўлларни таъмирлаш, уй-жойларни кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби қатор масалаларда мурожаатлар қабул қилинди. 

Сайёр қабул якунида сектор раҳбари 50-мактабда ўқувчилар ва мактаб жамоасига яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Айни пайтда 90 нафар ўқувчи таълим оладиган мазкур мактабда асосан қозоқ тилида дарслар ўтилади. Икки йилдан буён ўзбек синфлари ҳам очилиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Мактаб кутубхонаси учун вилоят солиқ бошқармаси номидан янги бадиий адабиётлар тўплами тақдим этиладиган бўлди.Шунингдек, мактабнинг куз-қишга тайёргарлиги, синфхоналарни иситиш мақсадида янги қозонлар ўрнатилаётганлиги кўздан кечирилди. Мактабнинг янги спорт зали кўздан кечирилиб, спорт инвентарларини ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.  

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.