Сектор раҳбарлари фаолияти қандай баҳоланади?

Улашиш:

Ўтган 2021 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тажриба тариқасида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ишлари бир неча муҳим индикаторлар асосида амалга ошириб келинган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 536-сонли қарорига мувофиқ ҳудудлардаги муаммоларнинг ҳал этилиши, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан ишлаш юзасидан фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилганди.

Унга кўра, баҳолаш йилда бир маротаба – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралига қадар “sektor.reyting.uz” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади ва баҳолаш натижасига кўра юқори натижага эришган, самарали иш олиб борган секторлар рағбатлантирилиши белгиланган.

Хусусан, баҳолаш натижасига кўра, туман, шаҳар секторлари ўртасида республика даражасида – “Энг намунали сектор” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида – “Энг ташаббускор сектор” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.

Ғолиблар қуйидаги миқдордаги пул маблағлари билан мукофотланади:

Секторлар фаолиятини баҳолашда асосан 6 та устувор йўналишлар ҳисобга олинади.

Секторлар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари тегишли вазирлик ва идоралардан олинган расмий статистик маълумотларга асосан ҳисобланади ва уларга мувофиқ тўплаш мумкин бўлган энг юқори миқдори 100 баллни ташкил этади.

I. Амалиётга жорий қилинган 3 та дафтарга киритилганлар билан ишлаш натижадорлигига асосий эътибор қаратилади ва 15 та индикатор бўйича баҳоланиб борилади. Хусусун:

а. “Темир дафтар” билан ишлаш натижадорлиги – 4 та: Темир дафтар»дан чиқарилган оилалар, “Темир дафтар”даги оилаларнинг касб-ҳунарга ўқитилган аъзолари, расмий ўзини-ўзи банд қилишга жалб қилинган “Темир дафтар”даги оила аъзолари ҳамда “Темир дафтар”даги оилаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражаси бўйича;

б. “Аёллар дафтари” билан ишлаш натижадорлиги – 6 та: “Аёллар дафтари”дан чиқарилган хотин-қизлар, “Аёллар дафтари”даги касб-ҳунарга ўқитилганлари, “Аёллар дафтари”даги расмий ўзини-ўзи банд қилишга жалб қилинган аёллар, ушбу дафтаридаги аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, шу дафтаридаги аёлларга психологик хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда “Аёллар дафтари”даги аёллар томонидан тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши бўйича;

в. “Ёшлар дафтари” билан ишлаш натижадорлиги – 5 та: “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган ёшлар, мазкур дафтардаги касб-ҳунарга ўқитилганлар, дафтардаги расмий ўзини-ўзи банд қилишга жалб қилинган ёшлар, ёшларга тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда “Ёшлар дафтари”даги ёшлар томонидан тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши бўйича баҳолаб борилади.

II. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг юртилиши – 2 та индикатор: “Маҳаллалардаги муаммоларнинг ҳал этилиши ва Маҳалланинг “ўсиш нуқтаси” драйверининг амалга оширилиши бўйича баҳоланади.

III. Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш даражаси ҳам 2 та индикатор: инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси юзасидан баҳолаб борилади.

IV. Тадбиркорликни ривожлантириш кўрсаткичлари эса 3 та индикатор: кичик тадбиркорлик субъектлари сонининг ўсиши, тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши ҳолати ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун ўқув-семинарлар ташкил қилинганлигига қараб баҳо берилади.

V. Жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳам 2 та асосий индикатор, яънии содир этилган жиноятларнинг камайиши ва оилавий ажримларни қисқартириш бўйича ьаҳоланиши белгилаб қўймлган.

VI. Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги эса 1 та – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал, Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналари орқали келиб тушган жами мурожаатлардаги қаноатлантирилган мурожаатлар улуши ёрдамида баҳоланади.

Мазкур қарорнинг 4-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда баҳолаш кўрсаткичлари тизими ҳамда уларни ҳисоблаш усулларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан вилоятдаги 13 та туман ва шаҳардаги жами 52 та секторлар фаолияти 2021 йил якунлари бўйича баҳолаш юзасидан ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашнинг йўлга қўйилганлиги “маҳаллабай” ишлаш тизими натижадорлигини ҳам ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳар бир сектор раҳбари ўз ҳудуди миқёсида “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш баробарида жойлардаги турли муаммоларнинг ҳал этилиши, хусусун маҳаллаларни обод қилиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом муҳит яратилишига ҳар томонлама кўмаклашмоқда.

Секторлар фаолиятини баҳолашда янги – адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилганлиги фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотлар изчиллигини кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ўз ўрнида қайд этиш жоизки, мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддатли оқимига мос равишда ушбу баҳолаш тизимини ҳам доимий равишда такомиллаштириш зарурияти юзага келади. Бунда бир томондан инсон қадрини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таъсирчан механизмларини амалда қўллаш натижалари, иккинчи томондан аҳолининг ижро органлари раҳбарлари, хусусун сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиши даражаси узвий боғлиқликда ҳисобга олинади.

Б.БОБОЯРОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Жиззах вилояти филиали етакчи инспектори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.