Жаҳон банки Жиззахнинг 4 та туманида аёлларни тадбиркорликка тайёрламоқда

Улашиш:

Жаҳон банкининг Япония Ижтимоий тараққиёт жамғармаси гранти ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда молиялаштирилган, қишлоқ аёлларининг бизнес кўникмалар ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «Қишлоқ аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси 2023 йил январь ойида бошланган. Ушбу лойиҳа Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан амалга ошириб келинмоқда. 

 - Лойиҳанинг мақсади  ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни тадбиркорликка ўргатиш орқали турмуш тарзини яхшилаш, дейди марказ ижрочи директори Тоҳир Умаров. 

 Айни пайтга қадар вилоятнинг Зомин (Бешкуби, Ширин, Дуоба, Навоий, Чорвадор қишлоқ фуқаролари йиғинилари ва Пешағор, Халқобод маҳалла фуқаролари йиғинлари), Янгиобод (Совот, Баландчақир, Хўжамушкент, Дўстлик, Хавотоғ, Шодлик ва Сармич маҳалла фуқаролари йиғинлари), Бахмал (Молгузар, Маданият, Ойқор, Узунбулоқ, Темирқадам, Сангзор, ва Музбулоқ маҳалла фуқаролари йиғинлари) ҳамда Фориш (Учма, М.Оролов, Илончи, Мустақиллик, Қизилқум, Нарвон ва Учқудуқ маҳалла фуқаролар йиғинлари) туманларининг ҳар бирида 7 тадан маҳалла фуқаролари йиғинларида аёллар гуруҳлари шаклланган.


Шунингдек, вилоят хотин-қизлар бошқармаси ва Зомин, Янгиобод, Бахмал ҳамда Фориш тумани ҳокимликлари билан биргаликда 28 нафар хотин қизлардан ижтимоий мобилизаторлар танлаб олинди.


Лойиҳа талабларига мувофиқ лойиҳада иштирок этиш учун “Аёллар дафтари” даги 3 тоифадаги боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 173 нафар, 4 тоифадаги ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 100 ҳамда 6 тоифадаги қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлардан 123 нафаридан иборат 61 та гуруҳлар ташкил этилди. Лойиҳа жами 396 нафар хотин-қизларни қамраб олган. 


Бунга қадар эса, ижтимоий мобилизаторларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Гендерга сезгирлик мулоқоти, ижтимоий мобилизация, гендер тенглиги ва низоларни бартараф этиш” мавзуларида 10 та малака ошириш офлайн тренинглари ўтказилди. Шунингдек, “Ҳисоботлар ва ҳисоб рақамларни бошқариш”, “Гуруҳ йиғилишларини самарали ўтказиш: кун тартиби, иштирок этиш ва иштирокчиларнинг ўрни”, “Гендер тенглиги муаммоларини ҳал этиш”, “Шаффофлик механизмлари”, “Гуруҳлар шаклланишини якунлаш меъёрлари” мавзуларида онлайн тренинг машғулотлар ташкил этилди ва ўтказилди.


“Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ходимлари ва туманлардаги ижтимоий мобилизаторлар шу билан чегараланиб қолмасдан, 4 та туманда 180 га яқин аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича оммавий ахборот тарғибот тадбирлари олиб борилган. 

 Лойиҳани амалга оширилиши натижасида:

-   500 нафар Жиззах вилоятидаги 4 туманда истиқомат қилаётган  ижтимоий ҳимояга муҳтож “Аёллар дафтари” да рўйхатда турувчи хотин-қизлар жалб қилинади;

-   90 нафар аёллар фаровонлигини яхшилаш гуруҳлари билан лойиҳа давомида иш олиб борилади;

-   Аёллар гуруҳлари аъзоларининг лидерлик қобилияти, молиявий саводхонлиги, бизнес режа ишлаб чиқиш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш салоҳияти оширилади;

- 28 та МФЙ да ташкил этилган аёллар гуруҳлари ўртасида ички маблағ жамғармалари шакллантирилади;

-   2024 йилда  аёллар бошчилигидаги жамоавий кичик бизнес корхоналари ташкил қилинади ва Жаҳон банки томонидан  лойиҳалар молиялаштирилиши кутилмоқда.  


Лойиҳанинг яна бир самарали жиҳати сифатида ташкил этилган гуруҳларда гуруҳ аъзоларининг молиявий имкониятлари ва иқтисодий барқарорлигини оширишга қаратилган ўз жамғармалари шакллантирилган. Бу эса эҳтиёжга қараб маблағ зарур бўлганда ушбу жамғармадан ажратилади ва келгусида яна жамғарма ихтиёрига пул қайтариб берилади. 

 Аёллар гуруҳларида гендер тенглиги, оиладаги низолар ҳамда тазйиқ ва зўровонликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор семинар-тренинглар ўтказилди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.