Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш 28 июндан бошланади

Улашиш:

Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш 28 июндан бошланиб 5 июлда якунланади. Муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади.

20 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида cайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш, президент сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар ҳамда президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда Сайлов кодексига биноан муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди.

Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб 2023 йил 5 июль куни якунланиши белгиланди ва сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этиши қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Президент сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлармуҳокама қилинди, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг бу йўналишдаги қатор вазифалари белгилаб берилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотдан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСКнинг қарори билан 39 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ 300 нафар маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитация қилинди. Умумий ҳисобда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 854 нафарни ташкил этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.