Сайлов куни овоз бериш тартиби

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2021 йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

Овоз бериш сайлов жараёнининг муҳим босқичидир. Чунки сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқи айнан шу жараёнда амалга ошади. Бу жараёнларни қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этилиши эса сайловларнинг қонуний, адолатли ва холисона ўтказилишига ўз таъсирини кўрсатади. Шу боис, сайлов кунига қадар амалга оширилган тадбирлар овоз беришни қонуний амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади. Овоз беришни самарали ташкил этиш мақсадида бу жараён махсус ажратилган ва жиҳозланган биноларда ўтказилади.

Овоз беришни ташкил этиш учун участка сайлов комиссияси жавобгардир. Сайлов куни овоз бериш бошланишидан олдин участка сайлов комиссиясининг раиси комиссиянинг барча аъзолари иштирокида сайлов қутиларини бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди ҳамда пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузади.

Сайлов куни фуқаролар ўз хоҳиш-иродалари эркин билдирган ҳолда ўзлари танлаган номзодларга овоз берадиган кун ҳисобланади.

Мамлакатимизда 2021 йил 24 октябрда ўтказиладиган Президент сайловида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Сайловда овоз бериш - сайловчининг бирин-кетин амалга оширадиган ҳаракатлари мажмуи, овоз бериш биносида участка сайлов комиссияси аъзосидан сайлов бюллетенини олиш, сайлов бюллетенини тўлдириш, сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлаш босқичларидан ўтади.

Расмий жиҳатдан олганда, овоз бериш ҳодисаси сайлов бюллетени сайлов қутисига ташланганидагина содир бўлади. Бироқ, қонун ҳужжатларида, баъзан овоз бериш ҳодисаси участка сайлов комиссиясида сайлов бюллетени олиниши билан ҳам назарда тутилган. Чунки сайлов бюллетени муддатидан олдин овоз бериш жараёнида ҳам қўлланилади.

Овоз бериш сайловчилар томонидан қуйидаги қадам (босқич) ларда амалга оширилади:

1- қадам. Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади.

Ушбу ҳужжатларга паспорт, ID-карта, ҳарбий гувоҳнома, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотномалар киради.

2- қадам. Сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

3- қадам. Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида тўлдиради.

Сайлов бюллетенини барчанинг олдида ёки биргаликда тўлдириш ТАҚИҚЛАНАДИ.

Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида яширин овоз бериш кабинасида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бироқ сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли.

Таклиф қилинган шахс сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлиши мумкин эмас.

4- қадам. Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги қўяди.

5- қадам. Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра, янгисига алмаштирилиши мумкин.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, овозларни санаб чиқиш жараёнида (юқори чап бурчагини кесиш ёки сайлов бюллетенининг орқа томонида тегишли белги қўйиш йўли билан) бекор қилинади ва алоҳида сақланиши лозим.

6- қадам. Овоз бериш биносини тарк этиш.

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра, овоз бериш биносига кела олмаслиги мумкин. Сайлов қонунчилиги ушбу ҳолатларни ҳам инобатга олган. Шу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларга зарур шароит яратилади.

Шунга мувофиқ, агар сайловчи соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаса, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни шу сайловчиларнинг сайлов куни ёки сайлов кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки илтимосига биноан, улар турган жойда ташкил этади.

Бу ҳақда мурожаат бўлгандан сўнг участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни таъминлайдилар. Фуқароларнинг турган жойи, одатда уларнинг хонадонлари ҳисобланади.

Тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериши амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Участка сайлов комиссияси томонидан сайловчи турган жойда овоз беришни ташкил этиш сайлов кунидаги иш ҳажми ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Қонунчиликда сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш тартибининг белгиланиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлашга ҳамда ушбу жараёнда барчанинг иштирок этишига тенг шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Ушбу жараёнларни соддароқ кўринишда, қуйидаги босқичларда амалга оширилишини кўрсатиш мумкин:

1- босқич. Сайлов куни ёки сайлов кунига қадар сайловчи томонидан қилинган ёзма ёки оғзаки илтимос;

2- босқич. Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди.

3- босқич. Турган жойида овоз берган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар участка сайлов комиссияси аъзоси томонидан сайловчилар рўйхатидан кўчирмага тегишли ёзув киритади ва сайловчи сайлов бюллетени олганини тасдиқлаб, ушбу рўйхатдаги фамилияси қаршисига имзо чекади.

4- босқич. Кўчма қутисига овоз берилган бюллетен сайловчи томонидан ташланади.

Сайловчи яширин овоз бериб бўлганидан сўнг комиссиянинг икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутисини участка сайлов комиссиясига етказади.

5- босқич. Сайловчи яширин овоз бериб бўлганидан сўнг сайловчилар рўйхатининг тегишли жойига (сайловчининг фамилияси қаршисига) «турган жойида овоз берди» ёзуви киритилади.

Участка сайлов комиссияси аъзосининг бошқа шахс учун овоз бермоқчи бўлган сайловчига сайлов бюллетенини бериши ТАҚИҚЛАНАДИ.

 

Жиззах туманлараро

маъмурий суди судьяси

Мизроб Бахриев

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.