Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони маълум қилинди

Улашиш:

Тадқиқотларга кўра, жорий йилнинг январь ҳолатига Ўзбекистонда 27 миллион Интернет фойдаланувчиси ва 5 миллион 300 мингдан ортиқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик ахборотида қайд этилишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари умумий интернет фойдаланувчиларининг 20 фоизини ташкил этади.

Бу дегани интернет фойдаланувчилари сони умумий аҳоли сонига нисбатан деярли 75 фоизини ташкил қилса-да ҳозирги замоннинг кенг тарқалган кўникмаларидан бири бўлмиш ижтимоий тармоқлардан аҳолининг қарийб 15 фоизи фойдалана олади.

Шу муносабат билан аҳолининг рақамли саводхонлиги ва ахборот маданиятини ривожлантириш масаласи айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Ушбу мақсадларда республиканинг барча туман (шаҳар)ларида рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилди.

Бугунги кунда республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган бўлиб уларда 2022 йилда жами 144 минг нафардан ортиқ тингловчилар, шу жумладан, 29 минг нафари давлат ходимлари ва 115 минг ёшлар малакаси оширилди.

2023 йил давомида ушбу марказларда жами 180 минг нафар ёшлар ва ходимлар IT йўналиши бўйича ўқитилиши режалаштирилмоқда”, - дейилади вазирлик маълумотида.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда “Бир миллион дастурчи” лойиҳа доирасида 2,5 миллион нафардан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 1,7 миллион нафардан ортиқ иштирокчи лойиҳа доирасида таълим олиб, битирувчи сертификатларни қўлга киритган.

Шу билан биргаликда “Бир миллион дастурчи” доирасида ва IT-Паркнинг таълим резидентларида IT сертификатни қўлга киритган ёшларга компьютер хариди учун 8,2 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит уларнинг шахсий пластик картасига ўтказиб берилиши тартиби йўлга қўйилди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасини мантиқий кейинги босқичини амалга ошириш мақсадида uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида ёшлар учун таълим олиш имконияти яратилди.

2023-2024 йилларда платформанинг барча контентларидан фойдаланиш имкониятини берувчи 10 минг дона профессионал курслар учун лицензиялар олинади, 2023-2025 йиллар давомида 1,2 млн. ёшлар 8 та йўналиш бўйича онлайн курсларда ўқитилади”, - дея қўшимча қилган Рақамли технологиялар вазирлиги ўз ахборотида.

Маълумот учун: 2019-2022 йилларда “Бир миллион ўзбек дастурчи” лойиҳаси доирасида рақамлаштириш бўйича бошланғич билимга эга бўлиб, сертификатларни қўлга киритганлар сони 1 миллион нафардан ортиқни ташкил этди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.