ФҲДЁсиз никоҳ ўқиш, кўпхотинлик ва гендер тенгсизликни тарғиб қилиш учун жарима миқдорлари белгиланди

Улашиш:

Жиноий ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларга муҳим ўзгаришлар киритилди: кўпхотинлиликни тарғиб қилиш, ФҲДЁсиз никоҳ маросимини ўтказиш ва жинс бўйича камситиш учун жарима солинади. Ушбу ҳуқуқбузарликлар учун қанча пул тўлаш кераклиги ҳақида айтиб ўтамиз.

Президент томонидан имзоланган фармонга кўра, Жиноий ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларга кўпхотинлиликни тарғиб қилиш, ФҲДЁсиз никоҳ маросимини ўтказиш, жинс бўйича камситиш, шунингдек, жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган даражада ёпиқ юз билан бўлиш билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар киритилди.

2023 йил 31 октябрдан кучга кирган Фармонга биноан:

  • Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга; 

  • Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга; 

  • Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга; 

  • Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.