Марказий Осиёда илк бор. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида муҳим битим имзоланди

Улашиш:

Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида маданий меросга оид ҳужжат имзоланди.

«Ўзбекистоннинг археологик ва этнологик материаллари тоифаларида импорт чекловларини жорий этиш тўғрисида»ги битим Ўзбекистон маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов ва АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник томонидан имзоланди.

«Ушбу келишув Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий бойликларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва қайтариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади», – дейди Баҳодир Абдукаримов.

«Бугун тарихий кун, чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи давлат бўлди. Ўзбекистондан ташқари дунёнинг яна 25 та мамлакати АҚШ билан шу каби шартномалар тузган. Маданий мерос, санъат ва санъат асарларини муҳофаза қилиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам ушбу келишув бугунги кунда жуда муҳим қадамдир. Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш учун АҚШ ҳукумати 1 миллион долларни ажратди. Биз Ўзбекистондаги маданий меросни ҳимоя қилиш ва унинг бой тарихини дунёга намойиш этиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизда ҳамкор бўлмоқчимиз», – деди Жонатан Ҳеник.

Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, битим археологик ва этнологик материалларни талон-торож қилишнинг олдини олиш ва махсус рўйхатга киритилган объектларни олиб киришга чекловларни белгилайди. Шунингдек, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, моддий маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган қўшма кўргазмалар ўтказишга замин яратади.

Маданий меросга оид ҳужжатнинг имзоланиши Тошкент ва Вашингтон ўртасида маълум муддат давом этган музокаралар натижасидир.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон маданий меросини муҳофаза этишга асосан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси (AFCP) орқали кўмак кўрсатмоқда. Жамғарма 2001 йилдан буён Ўзбекистонда кўплаб лойиҳалар, жумладан, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги тарихий обидалар ва коллекцияларни асраб-авайлаш ҳамда таъмирлаш учун маблағ ажратди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.