Ўқитувчиларга 56 кун таътил берилиб, 48 кунга таътил пули тўланяпти. Бу борада қонунчилик нима дейди?

Улашиш:

Педагог ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба инобатга олинмаслиги тўғрими?

Меҳнат кодекси (кейинги ўринларда - МК) 501-моддаси 6-қисмига кўра, таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига 36 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили берилади. Педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

«Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда 2022 йил 28 октябрда қабул қилинди ва 2023 йил 30 апрелда кучга кирди. 6 ойлик яъни ярим йиллик муддат ичида ҳам МК 501-моддасида назарда тутилган ҳужжат қабул қилинмади.

Узоқ куттиришлардан сўнг ва ниҳоят (ҳужжат учун масъуллар бунга бирор изоҳ беришмади, беришмаса ҳам керак), 2023 йил 26 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 263-сон «Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Лекин афсуски...

Қарорга илова «Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги» меъёрларига кўра, ушбу меъёрларда келтирилган ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди дейилган.

Содда қилиб айтганда,педагогларга 56 календар кун таътил берилиб, шундан 48 иш кунига ҳақ тўланади дегани.

Агар бундан мантиқий хулоса қилинса, нафақат педагоглар, балки барча тоифа ходимларга ҳам таътил пули иш кунлари учун тўланиши лозим бўлади. Мисол, ходим 21 календарь кун таътилга чиқса, 18 иш кунига ҳақ тўланади.

Лекин бу Меҳнат кодекси талабларига зид деб ҳисоблаймиз.Чунки ходимга календарь кунлик меҳнат таътили берилганда, таътил пулларини ҳисоблашда таътил кунлари ичидаги якшанба кунларига ҳам таътил пули тўланиши лозим деб ҳисоблаймиз. МКнинг 216-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

МК 233-модда 1-қисмига кўра эса, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Эътибор қилинг, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун дейилмоқда яъни таътилнинг бутун даври (якшанба кунлари ҳам) назарда тутилмоқда.

Бу масала бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2023 йил 20 майдаги 01/00-04/15-3879 сонли хатида ҳам якшанба кунига ҳақ тўлаш тавсия қилиниши белгиланган эди (хат қуйида илова қилинди).

МК 216-модданинг 1-қисми ва 233-модданинг 1-қисмидаги мантиқ шуки, ходим ўзига берилган ҳар бир таътил кунидан ўз меҳнат қобилиятини тиклаш учун фойдаланади. Шунинг учун ҳам, таътил пуллари ходимга бериладиган ҳар бир таътил куни учун ҳисобланади ва тўланади.

Бундан ташқари, гарчи лойиҳа бўлсада, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига эътибор қаратамиз.

Лойиҳага 9-илованинг 8-бандида ходимга ҳар йилги меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш ва фойдаланмаган таътил учун пуллик компенсация тўлаш учун (шу жумладан, иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда) ўртача иш ҳақи Меҳнат кодексининг 257-моддаси ўнинчи қисмига мувофиқ ҳисобланган ўртача кунлик иш ҳақини таътил кунлари (шу жумладан, фойдаланмаган таътил кунлари) сонига кўпайтириш орқали белгиланади.

Эътибор беринг, Қарор лойиҳасига иловада ҳам таътил кунлари сонига кўпайтириш орқали белгиланади, дейилмоқда.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Меҳнат кодекси эса Вазирлар Маҳкамаси қароридан юқорироқ юридик кучга эга.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, таътилнинг бутун даврига яъни якшанба кунига ҳам ҳақ тўланиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Биз очиқ мулоқот ва баҳс-мунозараларга тайёрмиз. Холислик нуқтаи назаридан, якшанба учун ҳақ тўланмаслигини асосламоқчи бўлганларнинг фикрини ҳам ушбу ҳаволаларда (1,2) келтирамиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.