Ногиронлик пенсияси тайинлашда иш стажи қўшиб ҳисобланадими? – мутахассис жавоби

Улашиш:

Савол: 15 йиллик меҳнат стажига эга 2-гуруҳ ногирони бўлса, ногиронлик пенсиясини олишда иш стажи қўшиб ҳисобланадими?

Аввал I вa II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланмас эди. 2023 йил 1 январдан эътиборан I вa II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Яъни, 2022 йил 26 октябрдаги ЎРҚ-795-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 49-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Унга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санадаги ушбу Қонуннинг 17-моддасида кўрсатилган ёшга нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун ана шундай ҳуқуқ пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин.

Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди.

Бу борадаги муаммолар билан Пенсия жамғармасининг 1140 “ишонч телефони”га ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Савол: амалдаги қонунчиликда кечки ёки сиртқи таълим шаклида таълим олаётган ходимлар учун ўқув таътиллари бериш назарда тутилган. Сиртқи таълим шаклида ўқиётганлар йилига икки марта таълим олаётган муассасанинг ўқув режасига асосан чақирув хати бўйича ўқишга чақириладилар. Бундай ҳолда сиртқи таълим шаклида ўқиётган талабаларни ўқув таътиллари йилига 30-40 календар кундан ошган тақдирда қонунчиликка кўра қандай йўл тутилади?

Меҳнат кодекси 385-моддаси 1-қисмига кўра, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътилларининг энг кам муддати кўрсатилган.

Ўқув таътилларининг энг кам муддати 30-40 календар кундан ошсачи? Бу ҳолатда МК 385-моддаси 2-қисмига меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу модданинг 1-қисмида назарда тутилганига нисбатан давомийлиги кўпроқ бўлган ўқув таътиллари назарда тутилиши мумкин. Лекин меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам давомийлиги кўпроқ бўлган ўқув таътиллари  назарда тутилмаган бўлса, МК 228-моддаси 4-қисмига кўра, ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётган ходимларга уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили уларга қулай бўлган вақтда берилиши мумкин.

Агар ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан ҳам фойдаланиб бўлган бўлса, МК 241-моддаси тартибида иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши ёки жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки МК 240-моддасига кўра меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса иш ҳақи қисман сақланадиган таътил ҳам олиши мумкин.

Савол: менинг 2022 йилги меҳнат таътилим ўша пайтда иш ҳажмининг кўп бўлганлиги учун тегишли фармойишга асосан кейинги йилга кўчирилган эди. Ҳозир шу таътилдан фойдаланишим учун 2022 йил учун 24 календарь куни ва 2023 йил учун 27 календарь куни, 7 кун жамоа шартнома бўйича ҳамда 4 кун тармоқдаги кўп йиллик хизмати учун (жами 62 кун) таътил кунларим ҳисобланиши керак.

Шундан қандай фойдаланиш мумкин? Янги кодексга кўра меҳнат таътили 56 кундан ошиб кетмаслиги белгиланган...

МК 230-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак. Яъни Сиз иш йили тугагунга қадар таътилга чиқишингиз керак эди, таътилнинг барча қисмини бутунлай кейинги йилга кўчириб юборилиши меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади. Бунинг учун мансабдор шахсга  МЖТК 49-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (3млн 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Энди ўтган йили қолиб кетган 24 кун ва бу йилги 38 кун таътилни қўшиб олсангиз, 62 кун бўлиб кетиши қонун бузилиши ҳисобланмайди. Чунки МК 222-моддаси 2-қисмига кўра, барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас. Эътибор беринг, бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас дейилмоқда. Сизнинг ҳолатда 24 календарь кун таътил ўтган иш йили ҳисобидан, шунинг учун ҳам 62 кун таътилга чиқишингиз қонун бузилиши ҳисобланмайди.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берган

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.