Энергетика вазирлиги электромобилларни қувватлаш станцияларини электр тармоғидан узиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда ва ахборот сайтларида қувватлаш станциялари ҳуқуқий асосларсиз ўчириб қўйилаётгани ва бунга вазирлик томонидан кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
"Бу маълумотлар ҳақиқатга мос эмас. Айни пайтда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси мамлакат эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди. Қувватлаш станцияларини электр тармоғидан узиш ҳақида вазирлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган," – дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.
Энергетика вазирлиги ахборот тарқатувчиларни расмий маълумотларга асосланиб хабар беришга, фуқароларни эса ноаниқ маълумотларга ишонмасликка чақирди.