Ўзбекистонда бир йилда атмосферага 874 минг тонна саноат чиқиндилари чиқарилди. Қаердан?

Улашиш:

2022 йил Ўзбекистонда саноат корхоналаридан атмосфера ҳавосига 874 минг тонна йиллик саноат ташламалари чиқарилди. Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилда 145 та саноат корхоналарида 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш орқали ташланмаларни камайтиришни режа қилган. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълумотларига таяниб, АОКА матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, атмосферага асосий таъсир кўрсатувчи тармоқлар иссиқлик электр станциялари ҳамда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Ташламаларнинг:

  • 360,5 минг тоннаси (40%) — нефть ва газ,
  • 200 минг тоннаси (22,8%) — энергетика,
  • 185,5 минг тоннаси (21,2%) — металлургия,
  • 25 минг тоннаси (2,8%) — қурилиш,
  • 103 минг тоннаси (11,7%) бошқа тармоқлар ҳисобига тўғри келади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 12 та ИЭС, шу жумладан, кўмирга ихтисослашган «Ангрен» ва «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциялари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, 36 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона, 15 та нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда 4 та металлургия саноати мавжуд.

Атроф-муҳитга хавфи катта янги корхона ва ташкилотлар (шу жумладан, цехлар) учун ишлаб чиқилган «Экологик оқибатлар тўғрисида баёнот» (ЗЭП) лойиҳа ҳужжатлари асосида самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини ўрнатиш таъминланмоқда

Транспортлар чиқарадиган заҳарли газларни камайтириш учун жамоат транспортининг камида 50 фоизини газ-баллон ёқилғи, электр ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш мақсад қилинган. «Бу жуда катта рақам ва агар ушбу кўрсаткичга эришилса, автомобиллардан ҳавога етказилаётган зарар кескин камаяди», — дейилади хабарда.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир республикада жисмоний шахслар жами 3 268 480 та автотранспорт воситаларидан фойдаланмоқда. Шундан:

  • 796 034 таси (24%) бензин,
  • 71 088 таси (2%) дизель,
  • 2 401 348 таси (74%) газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган.

Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 млн тонна зарарли ташламалар ташланади. Шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Бу умумий ташламаларнинг 63 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич пойтахтда 88 фоизга тенг).

Республикада атмосфера ҳавосига автотранспортлардан ташланаётган ташламалар миқдорини камайтириш мақсадида бир йилда II босқичли «Тоза ҳаво» ойлиги тадбири ўтказилади. 2022 йил ойлик давомида 295 минг транспорт воситалари текширилган, 2023 йилда 300 минг транспорт воситалари назоратдан ўтказилиши керак.

Назорат тадбирида аниқланишича, 3329 та автомобиль ҳайдовчиси газларда ифлослантирувчи моддалар белгиланган стандартларни қўпол равишда бузган. 2914 тасининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатиб қўйилди. Транспортларнинг 1043 таси ёки 2,2 фоизида ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқорилиги аниқланди. Улар техник хизматга юборилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига қараганда, «Тоза ҳаво» ойлигида аниқланган камчиликларни бартараф этиш эвазига жами 209,232 тонна ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига чиқарилиши олди олинди, дейилади хабарда.

Атмосфера ҳавосига етказилаётган зарарни камайтириш учун қуйидаги асосий йўналишлар белгиланган:

1. Транспорт воситаларидан келаётган экологик зарарни камайтириш мақсадида:

а) Юк ташувчи транспортлар ҳаракатланиши тартибга солиш ҳамда йўлларни ифлослантиришнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирларини кучайтириш;

б) Ишлаб чиқарилаётган мотор ёнилғисини «Евро — 5» экологик стандартига келтириш;

в) Электромобилларни республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали 2030 йилга бориб, республикада сотилаётган электромобиллар улушини камида 15 фоизга етказиш;

г) Электромобилларни оммалаштириш учун уларни тезкор зарядлаш қурилмалари ва инфратузилмасини яхшилаш.

2. Саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ташланмаларини камайтириш мақсадида:

а) Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражаси юқори бўлган Тошкент, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Навоий, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат объектлари атрофида атмосфера ҳавоси ҳолатини баҳолаш учун рақамли мониторинг тизимини жорий этиш.

1-босқичда, 2023 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятининг 77 та саноат корхоналари атрофида 190 та ҳаво мониторинг ускуналари, 2-босқичда 2024−2025 йилларда Навоий, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги 106 та саноат корхоналари атрофида 265 та ҳаво мониторинг ускуналари ўрнатилади ва Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинади.

б) Корхоналар чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ошириш.

1. 2023−2025 йилларда 450 та йирик саноат корхоналаридаги 2200 га яқин чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ошириш.

2. Янги ишга туширилаётган саноат объектларига самарадорлиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш.

в) Саноатда табиий газ улушини камайтириш ҳамда муқобил энергияга ўтишни жадаллаштириш, Франция тараққиёт агентлиги техник кўмагида атмосферага карбон ташламаларини камайтирганлик учун «Яшил солиқ» тизими жорий этиш.

Экология вазирлиги шунингдек ифлослантирувчи моддаларнинг кўпайиши ҳаво сифатини ёмонлаштириши, нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширишини эслатди. Қуёш нурларининг тўсилиши, ёмғирларнинг камайиши, заҳарланиши натижасида атроф муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳам мисли кўрилмаган зарар етади.

«Биз инсоният чиқараётган карбон моддаларини табиат „ҳазм қила олмайдиган“ нуқтадан ўтиб бўлдик. Атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар муаммосига эътибор бермаслик соғлиқни сақлаш харажатларининг ошиши, ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши ва туризм билан боғлиқ иқтисодиёт тармоқларига ҳам катта зарар келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун нафақат институционал, балки жамоатчилик назоратини ҳам кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу ўз навбатида, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда катта ўрин тутади», — дейилади хабарда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.