“Рома”дан кетиши кутилаётган Элдор Шомуродов Европанинг кучли бешлик чемпионатларидаги ягона вакилимиз ҳисобланади. Бироқ, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир ҳужумчиси – Бобур Абдухолиқов ҳам энг кучли лигалардан бирига ўтиш мақсадида бир неча клублар таклифини рад этмоқда.
“Насаф” тарбиялаган ҳужумчининг ўзи Беларусь чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлди, тўпурарлар пойгасида биринчи ўринни эгаллади.
Бобур 26 та гол билан Беларусь чемпионатлари тарихида бир мавсумда энг кўп гол урган хорижлий футболчи сифатида қайд этилди.
Абухолиқов энди ўз имкониятларини кучли чемпионатларда синаб кўрмоқчи. Легионеримиз Беларусь журналистларига интервью бериб, режалари билан ўртоқлашди.
- Сиз “Энергетик-БГУ”да ажойиб мавсум ўтказдингиз. Бундай самарадорликка қандай эришганингизни гапириб беринг. Сизни ким илҳомлантирди?
- Кунига икки маҳал машғулотлар, истак ва мақсад.
- Интервьюлардан бирида клубдан кетишдан олдинг минг марта ўйлаб кўраман, дегандингиз. Бу қарорга келишингизга сабаб бўлган омил қайси?
- Яхши чемпионатда ўйнашни истайман, мақсадим “топ-5” лигаларидан бири, айнан мана шу орзу сари қадам ташлашнинг айни пайти.
- Беларусь клубларидан таклиф бўлдими?
- Йўқ.
- Ҳозир фаолиятингизни давом эттиришингиз учун вариантлар борми?
-Бор, Венгрия, Польша, Туркиядан таклифлар бўляпти.
- Кучли бешликка кирадиган жамоаларданми?
- Ҳар хилларидан.
- Агар пул ёки истиқболли клуб танлови юзага келса, нима қиласиз?
- Истиқболли клубни танлайман.
- “Энергетик-БГУ” мухлисларига янги мавсум олдидан нималар дея оласиз?
- Мен уларга қўллаб-қувватлаб турганлари учун катта раҳмат айтаман ва уларни доим соғиниб қоламан. Янги мавсумда ҳам ўзлари яхши кўрган жамоани худди шундай қўллаб-қувватлашда давом этишларини сўраб қоламан.