Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январда бошланади

Улашиш:

Ўзбекистонда 1989 йилдан буён илк бор тўлақонли аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олиш тадбирлари 2026 йил 15 январдан 28 февралгача ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди.

Рўйхатга олиш жараёни икки босқичда амалга оширилади: дастлабки 17 кун интернет орқали онлайн тарзда, кейинги бир ойда эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб ўтказилади.

Тадбирларни шундай тарзда ташкил этиш натижасида харажатлар сезиларли қисқартирилиб, давлат бюджетидан 1,3 триллион сўм тежалиши кутилмоқда. Шу билан бирга, рўйхатга олишдаги саволлар сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди, бу жараённи оддий ва шаффоф қилишга хизмат қилади.

Рўйхатга олиш жараёнлари Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида ташкил қилинади. Натижада мамлакат аҳолисининг таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият тури ва даромад манбалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва ва парранда сони аниқланиб, соҳадаги йиллик 25,6 триллион сўмлик маблағлар, жумладан 2,2 триллион сўм бюджет маблағлари самарадорлиги таҳлил қилинади. Бу маълумотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хизматлар ҳажмини режалаштиришда муҳим манба бўлади.

Рўйхатга олишда иштирок этувчи “маҳалла еттилиги” аъзолари махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунга Жаҳон банкининг статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси маблағлари йўналтирилади.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари олиб борилади, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш учун махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, рўйхатга олиш тадбирларини тизимли ва сифатли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.