Экология вазири: қум ва чанг бўронлари билан боғлиқ масалани Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда

Улашиш:

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, қум ва чанг бўронлари билан боғлиқ масалани Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилмоқда, мамлакатда ушбу муаммога қарши курашиш бўйича самарали сиёсат ва чора-тадбирлар жорий этилмоқда.  

“Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак. Бу масалани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда” — деди вазир БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида.

Шунингдек, Абдуҳакимовнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари самарали платформа яратишган, унда чанг бўронлари ва чўлланишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда. Вазир ушбу платформани кенгайтириш ва қўшни ҳудудлардаги сиёсатчиларнинг кенг доирасини бирлаштиришни таклиф қилган.

“Қум ва чангдан иборат қора булутларнинг ёпирилиб келиши, йўлидаги ҳамма нарсани ютиб юбораётгани ва куннинг тунга айланиши табиатдаги энг ҳайратланарли манзаралардан биридир. Бу Шимолий ва Марказий Осиёдан Африканинг жануби-ғарбий қисмигача бўлган ҳамма жойда тартибсизликни келтириб чиқараётган хавфли ҳодисадир. Қум ва чанг бўронлари барқарор ривожланишга эришиш учун катта муаммо туғдирмоқда. Бироқ, бу хавфни янада оғирлаштириш ҳам, бартараф этиш ҳам инсонларнинг қўлида”, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау.

Таъкидлаш жоизки, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига кўра, қум ва чанг бўронлари етарлича эътибор берилмаган муаммо бўлиб, ҳозирда дунёнинг баъзи жойларида сезиларли даражада кенг тарқалмоқда.

Ҳар йили атмосферага Гизадаги 350 та пирамида оғирлигига тенг бўлган икки миллиард тонна қум ва чанг тарқалади. БМТ ЧҚК экспертларининг фикрича, бу ҳодисанинг 25 фоиздан ортиғи инсон фаолияти билан боғлиқ. Зарар Шимолий ва Марказий Осиёдан Саҳрои Кабир, жанубий Африкагача бўлган мамлакатларда содир бўлади, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам етарлича баҳоланмаган.

“Тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунё миқёсида Саҳройи Кабир чўлидан кейин иккинчи ўринда туради – бу умумий миқдорнинг тахминан 20 фоизига тенг. Ўзбекистонда шаҳар ва аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосидаги чанг ва майда дисперс заррачаларнинг кўриш диапазони ва концентрациясини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи автоматик метеорологик станциялар ва ҳавонинг ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар ўрнатилган. Чанг ва қум бўронларини кузатиш ва прогноз қилиш имкониятларини кучайтириш ушбу ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтиришга ёрдам беради", — деди Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ходими Баҳриддин Нишонов.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.