Бу йил Ўзбекистонда қандай қиш кутилмоқда?

Улашиш:

2023 йил қиши Ўзбекистонда жуда совуқ келди. Январ, феврал ойларида кузатилган аномал совуқ мамлакат учун қандай муаммоларни келтириб чиқарганини ўзбекистонликлар ҳали унутгани йўқ. Хўш, бу сафарги қиш-чи, у қандай бўлиши кутилмоқда? Kun.uz мухбири шу савол билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга юзланди.

— Эркин ака, 2023 йил якуни ва 2024 йил боши билан Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутилмоқда. Узоқ муддатли прогнозлар бу ҳақда нималарни кўрсатмоқда?

— Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида ҳаво ҳарорати кўтарилиши барча минтақаларда кузатиляпти, бизнинг минтақада эса кўпроқ.

Прогнозлар тузишда олдинги даврдаги кузатувлар натижаларига таянамиз. Бу йилги қиш илиқроқ бўлиши кутиляпти. Жорий йил январ ойида ҳарорат кўтарилиши Тинч океанида сув сатҳи кўтарилиши даври билан боғлиқ бўлади. Сув сатҳи кўтарилиш даврида мана шундай аномал совуқли қишлар кузатиляпти.

Бу йил шимолий яримшардаги барча ҳудудларда илиқроқ қиш бўлиши прогноз қилиняпти. Апрел ойининг ўрталарида Тинч океанида сув сатҳи кўтарилишининг иқлимга таъсири сақланиб туриши айтиляпти. 2016 йилдаги сув сатҳи кўтарилишида ҳам мана шундай иссиқ ҳаво бўлган эди.

Эркин Абдулаҳатов

Декабр ойи сўнгги 30 йилдаги кўрсаткичлардан 1-1,5 даража иссиқроқ бўлиши кутиляпти. Умуман, ўтган мавсумдаги каби совуқ об-ҳаво кутилмаяпти. Бу йил ноябр ойи ҳам иссиқ бўлганини кўришимиз мумкин, ўтган йилларда энг совуқ ойлардан бўларди. Скандинавиядаги совуқ оқим бизга сезилиши керак эди, лекин иссиқ ҳаво оқимлари кўплиги учун бу оқим бизга етиб келмаяпти. Декабр ойи ҳам шунга кўра, нисбатан илиқроқ бўлиши мумкин. Январ ва феврал ойлари ҳақида аниқ таҳлиллар бериб бўлмайди. Ҳали қутбдаги совуқ ҳаво оқими кириб келиш эҳтимоли бор. Агар совуқ ҳаво кириб келса, шимолий ҳудудларимизда -17…-20 даража, бошқа ҳудудларимизда -7…-10 даража совуқ бўлиши мумкин.

— Ҳавонинг илиқроқ бўлишини истаймиз-у, лекин жуда қуруқ иқлимга эга, сув муаммолари бор минтақа учун ёғингарчилик ҳам жуда муҳим. Хўш, ёғингарчиликлар-чи, қандай бўлади?

— Олдинги сув сатҳи кўтарилиши даврларида қиш-баҳор ойларида ёғингарчилик кўп бўлган. Дарё оқимларида ҳам бу сезилган. Асосан тоғли ҳудудларда бўлса ҳам, бошқа ҳудудларгаям таъсири бўлади. Лекин ёз ойлари янада иссиқ бўлган бундай пайтда. Куз ойларида ёғингарчилик бўлмади, лекин тоғларда шаклланяпти. Бизга ҳозир ёғингарчилик жуда керак, айниқса лалми ерлар учун. Декабр ойида юқори ёғингарчилик кутилаётгани йўқ.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.