Иқлимшунос: “2026 йил дунёда рекорд даражадаги иссиқ йил бўлади”

Улашиш:

2026 йил дунёдаги энг иссиқ йил бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов “АзонTV” лойиҳасидаги суҳбатда Жаҳон метрология ташкилотига таяниб маълумот берди.

Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, 2026 йилга бориб Тинч океанининг катта майдонида сув исиб кетиши глобал иқлим ўзгаришига катта таъсир ўтказади.

“Ла–Нинё ҳодисаси кириб келганига 3 йил тўлди. Бу даврда қурғоқчил қиш, тўсатдан аномал совуқ кириб келиш даври ва қуғоқчил баҳорлар бўлди. Энди Эл–Нинё кириб келяпти ва у 13 июлда шаклланади. Тинч океанининг катта майдонида сув исиб кетади. Натижада циклон ва антициклонлар частотаси кенгаяди. Бунинг яхши томони тоғларимизда январь билан май ойларида ёғингарчилик кўпаяди. Ёмон томони бу жараён бир йилгина давом этади. Ортидан яна Ла–Нинё кириб келади. Қурғоқчилик яна давом этади. Кетма кетлик шундай. Жаҳон метрология ташкилоти 2026 йил дунёдаги энг иссиқ йил бўлади, деяпти. 2026 йил дунёда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1.5 даражадан юқори кўтарилиб кетиши мумкин”, — деди мутахассис.

Аввалроқ Эркин Абдулаҳатов Telegram даги каналида ҳам ушбу масалани таҳлил қилганди.

“2016 йилда Эл-Нинё ҳукмрон даврда дунёда рекорд даражадаги энг иссиқ йил кузатилган. 93 фоиз аниқликда Эл-Нинё фаол таъсирида 2026 йил дунёда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1.5 даражадан юқори кўтарилиб кетиши мумкин. Ўзбекистонликлар Эл-Нинё ҳодисаси таъсири остида 2016 йил Ўзбекистонда қандай мавсумлар кузатилганини яхши эслашса керак. Илиқ қиш, иссиқ баҳор ва жазирама ёз кетидан кузнинг октябри совуқ, ноябрда эса қор ёғиб юборганди. Аммо, тоғларда йилнинг совуқ даврида меъёрдан кўп ёғин ёғиши дарёларда сув таъминотини бир оз яхши бўлишини таъминлаган. Жуда илиқ қиш ортидан, баҳор ва ёзда биринчи марта минтақа “қурт-қумурсқалар ҳужумига” гувоҳ бўлганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Эл-Нинё ҳодисаси юқори эҳтимол, жорий мавсумнинг май ойларидан бошлаб дунё иқлимини белгилиши мумкин. Ҳозирги пайтда бизнинг минтақада ёз ойлари давомли жазирама ва қурғоқчил бўлиш эҳтимоли юқори. Агар, 2016-анолог йилга ишонилса, келаётган қишимиз ҳам илиқ бўлиши мумкин. Албатта, бу узоқ муддатли прогнозлар. Унинг ўзини оқлаш даражаси жуда паст. Лекин “йўқдан кўра бор” мақолга амал қилинса, келгуси қадамлар шу аснода ташланса ёмон бўлмайди”, — дея фикр билдирган иқлимшунос.

Прогнозларга кўра, 2024 йил дунёда охирги 8-9 йиллик ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.