АҚШ элчихонаси Ўзбекистоннинг 120га яқин фуқароларини Америкадан депортация қилингани юзасидан изоҳ берган

Улашиш:

АҚШ элчихонаси Америкага асосан Мексика ҳудуди орқали ноқонуний равишда кириб келган 119 нафар Ўзбекистон фуқаросининг депортация қилиниши бўйича изоҳ берган.  

"АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Биз бу ҳаракатларни қатъий қоралаймиз ва ўзбекистонликларни одамларни товар деб биладиган жиноий контрабандачиларнинг ёлғонлари қурбони бўлмасликлари ҳақида огоҳлантирамиз. АҚШ чегаралари ноқонуний миграция учун ёпиқ. Биз Ўзбекистон фуқароларини Қўшма штатларга саёҳат қилиш учун хавфсиз ва қонуний йўлдан фойдаланишга чақирамиз", - дейилмоқда элчихона баёнотида.

Қўшма Штатлар мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини чиқариб юбориш учун Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистоннинг Америкадан   чиқариб юбориладиган фуқароларини қайтаришга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлиги унинг халқаро мажбуриятларга содиқлигини намойиш этади.

Бундан ташқари, Америка ҳукумати мигрантларнинг Штатларга қонуний равишда кириши учун хавфсиз ва тартибли йўлларни кенгайтириш учун муҳим қадамлар қўйгани қайд этилган.

"Хавфсиз ва қонуний йўллар, шу жумладан грин-карта дастури орқали, одамларга АҚШ иммиграция қонунларига риоя қилган ҳолда Қўшма штатларда яшаш ва ишлаш имкониятини беради", - дейилмоқда баёнотда.

Элчихонанинг огоҳлантиришича, АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахсларга камида беш йил давомида қонуний равишда қайта кириш тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила аъзолари ва бошқалар ҳам Америка визасини олиш ҳуқуқидан доимий равишда маҳрум этилиши мумкин.

Дипломатик ваколатхонанинг қўшимча қилишича, АҚШда қолиш учун ҳеч қандай қонуний асос яратмаган барча ноқонуний кирувчи фуқаролар тезда чиқариб юборилади.

Эслатиб ўтамизки, АҚШ ҳукумати 20 декабрь, чоршанба куни АҚШга ноқонуний кирган Ўзбекистон фуқароларини чиқариб юборган. Сўнгги икки йил ичида Америкада 13 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар чегарада ушланган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.