Ҳокимларнинг ёмон ишлагани туфайли мамлакат бюджети 3 триллион сўмни қўлдан бой берган. Улар ишдан бўшатилиши мумкин

Улашиш:

Ўтган йили ерларни ким ошди савдосига қўймаган ҳокимлар ишдан бўшатилиши мумкин. Хусусан, улар туфайли давлат бюджет учун 3 триллион сўм пул топиш имкониятини қўлдан бой берган. Жорий йилда 4 триллион сўмлик ер участкаларини сотиш режалаштирилган. Бу ҳақда президент раислигидаги бугунги видеоселектор йиғилишида маълум бўлган.

Йиғилишда ер участкаларини тадбиркорларга ким-ошди  савдоси  орқали сотиш маҳаллий бюджетлар учун энг катта маблағ манбаи эканлиги таъкидланган. Ўтган йили давлат хазинасига ер сотишдан 1 триллион сўм маблағ тушган. Шу билан бирга, жойларда бюджетни қўшимча 3 триллион сўмга тўлдириш имконияти қўлдан бой берилган.

Хусусан, Андижон вилоятининг Балиқчи ва Жалолқудуқ туманлари, шунингдек, Тошкентнинг Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод ва Яккасарой туманлари ҳокимлари бир йил давомида ерларни ким ошди савдосига қўймаганликлари қайд этилган. Шу муносабат билан президент Бош вазирга ушбу туман раҳбарларининг ўз лавозимларига мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилишни буюрган.

Жорий йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги савдоларда 4 триллион сўмлик ер сотиш режасини ишлаб чиқиши ва амалга оширилишини таъминлаши керак.

Таъкидланишича, туманларда мастер-режанинг мавжудлиги катта маблағ манбаи бўлиб, тадбиркорларга ўз режаларини амалга оширишда ва аҳолига иш ўринларини  топишга ёрдам беради. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда бундай режалар фақат 17 та кичик аҳоли пунктлари учун ишлаб чиқилган.

Иқтисодий комплекс раҳбарияти йил охиригача 70 та туман учун, келгуси  йилда  эса республиканинг бошқа барча аҳоли пунктлари учун мастер-режалар ишлаб чиқиши керак бўлади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.