Туркманистон помидорлари ўзбек помидорларини ички ва ташқи бозорларда сиқиб чиқармоқда

Улашиш:

Маҳаллий ва Туркманистоннинг иссиқхона помидорлари ўсиш ва нархларни шакллантириш учун ҳар хил имкониятларга эга. Натижада, Туркманистон помидорлари Ўзбекистон помидорига қараганда арзонроқ ва нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам бизникига қарши муваффақиятли рақобатлашмоқда.  

Туркманистоннинг иссиқхона бизнеси жадал ривожланмоқда. EastFruit мутахассислари буни арзон, барқарор газ таъминоти ва нисбатан иссиқ қиш билан боғлашмоқда. Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойида Туркманистоннинг иссиқхона майдонлари тез орада икки баравар кўпайгани ҳақида хабар берилган эди. 

Ўзбек помидорининг туркман помидорига мағлуб бўлишининг сабаблари орасида мутахассислар табиий газдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ва иссиқхоналарни кўмир билан иситишга ўтишни келтиришмоқда, кўмирга ўтиш эса ишлаб чиқаришни қисқартиришнинг асосий сабабларидан биридир.

Таъкидлаш жоизки, мавсум авжида туркманистонлик иссиқхона помидорлари ташқи бозорларда ўзбек помидорлари билан рақобатлашибгина қолмай, балки Ўзбекистон бозорига етказиб берилмоқда экан. Бунинг расмий исботи бўлмаса, савдо манбалари буни тасдиқлашмоқда.

"Туркманистондан Ўзбекистонга иссиқхона помидорлари етказиб берилишига ҳайрон бўлмаслик керак. Ахир, Ўзбекистоннинг ички бозорида ушбу сабзавотларнинг улгуржи нархлари ҳам рекорд даражага етган ва бир килограмм учун 2 доллардан ошади. Нархлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга ва йилнинг шу даври учун одатдагидан икки баравар юқори", – дейди мутахассислар.

Аммо энг қизиғи шундаки, Ўзбекистонда иссиқхона помидорларининг улгуржи нархи ҳозирда Россияга қараганда анча юқори. Шу боисдан, Туркманистон помидорлари ҳозирги кунда Ўзбекистон бозорида жуда рақобатбардош эканлиги ажабланарли эмас.

Маълумотни иқлимшунос Эркин Абдулахатов изоҳлаб берган. Унинг таъкидлашича, туркман помидорлари нафақат табиий газ, балки барқарор сув таъминоти туфайли бизникига қараганда арзонроқ-Туркманистонга қишда ҳам Қоракум канали орқали кўп миқдорда сув етказиб берилади ва бу ҳам иссиқхона бизнесини ривожлантиришга ёрдам беради.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.