Брайан Трейси. Машаққатли йўлдаги миллионлар

Улашиш:

Брайан Трейси  профессионал маърузачи, нотиқ, педагог ва маслаҳатчи, шунингдек, кўзга кўринган ўқув ва консалтинг раҳбари. У ўзи пул ишлаб топган миллионер ҳам саналади.

Брайан машаққатли йўлни босиб ўтган. Узоқ вақт ихтисослиги йўқ ишларда меҳнат қилган. Идиш-товоқ ювган, бурғулаш юмуши билан шуғулланган, бир нечта фабрикада фаолият кўрсатган, ферма ва ранчода пичан исканжалаш ишларини амалга оширган.

Йигирма беш ёшида Брайан савдо агенти бўлган ва бизнес оламида юқори поғоналарни эгаллай бошлаган. Йилдан-йилга ҳар бир илғор ғоя ва услубларни ўқиб-ўрганиб, активлари 265 миллион долларни ташкил қиладиган қурилиш компанияси директори лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган. Ўттиз ёшдан ошар-ошмас, Трейси Канада университетларидан бирига ўқишга кириб, иқтисодиёт ва бизнес бўйича илмий даражани қўлга киритган.

Бу йиллар мобайнида у 22 та турли компания ва саноат соҳаларида ишлашга улгурди. 1981 йилдан эътиборан маърузалар, суҳбатлар ва семинарларда ўзининг муваффақият тамойилларини баён қила бошлади. Бугун Брайан Трейси китоблари, аудиокассета ва компакт-дисклари, шунингдек, семинарлардаги видеокассеталари йигирмадан зиёд тилга таржима қилинган бўлиб, 38 та давлатда қўлланилади.

Брайан Трейси диққат-эътиборини битта масалага қаратади. У ўртаҳол (ёки ўрта қатламдан юқори) одам ўзининг фойдаланилмаган улкан кучга эга эканлигига ишонади. Агар сиз муваффақиятли инсонлар қўллаётган ҳал қилувчи услуб ва тажрибаларни амалиётга татбиқ этсангиз, олдингизга қўйган мақсадга анча тез етасиз. Ана шунда улар аллақачон эгаллаган мавқега эришган бўласиз.

Трейси ўз ишининг устаси сифатида чиқиш қила бошлагач, 23 та мамлакатда икки миллионга яқин инсон билан ўз ғояларини баҳам кўрди. Беш юздан зиёд корпорация ундан маслаҳатчи ва ўқитувчи сифатида фойдаланди. Брайан ўз тамойилларига мувофиқ тарзда уларнинг ҳар бирини амалиётда кенг қўллади. Ўзини ва минглаб бошқа одамларни умидсизлик, ночорликдан халос этиб, муваффақият ва омадга эришиш йўлларини кўрсатиб берди.

Брайан Трейси ўзини «эклектик одам» (турлича қарашлар, назарияларни бир-бирига ўзбошимчалик билан қориштириб юборадиган киши) деб атайди. «Мен академик тадқиқотчи эмас, балки ахборотларни умумлаштирувчиман», дейди у. Турли-туман газеталар, журнал, китоб ва бошқа манбаларни ўқиш учун Трейси ҳар йили юзлаб соат вақт ажратади. Бундан ташқари ўзини қизиқтирган мавзудаги ўқув аудиодастурларини соатлаб тинглайди, сон-саноқсиз семинарларда иштирок этади ва кўпдан-кўп видеоёзувларни синчиклаб кўради. Унинг «билимлар омбори»ни, шунингдек, радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан олган ахборотлар ҳам тўлдиради.

Кенг билимлар ва катта тажрибадан фойдаланган Трейси бир талай манбалардан олинган тавсияларни уйғунлаштирган ҳолда уларни ўз фикрлари қобиғидан ўтказади. Ички ҳис-туйғуларига зид бўлмаган ёт ғоялар унинг тажрибаларига мувофиқ равишда ўзлаштирилади, қайта ишланади ва навбатдаги чиқишлари, босма ишлари учун манба бўлиб хизмат қилади.

Брайан оилали, унинг тўрт нафар фарзанди бор. У Сан-Диегода – гольф майдони биқинида истиқомат қилади. Ўз шаҳридан чиқиб кетиб, тингловчилар ҳузурида йилига юз мартага яқин маъруза ўқийди ва ўн еттита мамлакатда ишга алоқадор муносабатларни қўллаб-қувватлайди.

Умуман, Брайан Трейси омад ва унга эришиш масалалари борасида нуфузли шахс ҳисобланади. Унинг миллионерлар ҳаётида пулнинг ўрни ҳақида билдирган мулоҳазалари эътибор қозонган.

Қуйида Брайан Трейсининг омад сирлари ва тамойиллари билан танишасиз.

21 маслаҳат

  1. Буюк орзулар қилинг. Ҳаётдаги омад, пуллар ва орзулар ҳақида.
  2. Йўналишни яққол ҳис этинг. Мақсад ва муваффақият.
  3. Фақат ўзингиз учун ишлаётгандек ҳисобланг. Ҳаётингиз мобайнида масъулият ва омадга эътибор қаратинг.
  4. Севимли иш билан машғул бўлинг. Нимаики юмуш билан шуғулланманг, ҳаётни севсангиз – пулларнинг яна бир сири шу бўлади.
  5. Ўзингизни баркамолликка бахшида этинг. Камолотга эришиш – ҳаётимиз давомида омадга эришишнинг асосидир.
  6. Узоқ ва сабот билан ишланг. Пуллар керак бўлса, иш соатингизни кўпайтиринг.
  7. Умрингиз мобайнида ўқиб-ўрганишни канда қилманг. Узлуксиз таълим – омад калитидир.
  8. Дастлаб ўзингизга тўланг. Иқтисод, пуллар, фоиз.
  9. Ўз ишингизда ҳар бир майда-чуйдани ўрганиб чиқинг. Мутахассисларнинг йигирма фоизи бошқа саксон фоиз мутахассисга нисбатан 16 карра кўп ишлаб топади.
  10. Ўзингизни ўзгалар хизматига бағишланг. Мижозларнинг эҳтиёжини ўрганинг, одамларга ёрдам беринг.
  11. Ўзингизга ва бошқаларга нисбатан мутлақо ҳаққоний бўлинг. Интизом ва ҳалоллик – муваффақият кафолати.
  12. Энг муҳим ишларингизни юксакликка қўйинг ва уларга аниқ мақсад билан диққат-эътиборингизни қаратинг. Муҳим ишларни белгилаш – ҳаётдаги ўта аҳамиятли масаладир.
  13. Ўзингизни тезкор ва ишончли хизматчи сифатида тайёрланг. Бундай ходим эътибор қозонади.
  14. Чўққидан-чўққига кўтарилишга ҳозир бўлинг. Ҳаёт баланд-паст босқичлардан иборат. Олдинга интилинг.
  15. Барча жабҳада ўзингизни интизомга буйсундиришни машқ қилинг. Ҳаётда муваффақиятга эришмоқчи бўлганлар ана шундай хислатга эга.
  16. Ўзингизнинг туғма ижодий қобилиятингизни очиб юборинг. Ижод кўплаб тезкор жавобларни тақдим этади.
  17. Керакли одамлар даврасида бўлинг. Ҳаётда қандай инсонларнинг ёрдам бера олиши муҳим.
  18. Саломатлигингиз борасида алоҳида ғамхўрлик қилинг. У ҳаётда омадга эришиш учун ниҳоятда зарур омил.
  19. Фаолиятингиз мобайнида дадил ва йўналтирилган бўлинг. Муваффақиятга эришиш учун одамлар тезкор ҳаракат қиладилар.
  20. Муваффақиятсизлик келиши мумкинлигига ҳеч қачон йўл қўйманг. Пуллар муваффақият ва омадни ёқтиради. Муваффақиятсизликни ёнингизга йўлатманг.
  21. «Қатъият тести»дан ўтинг. Қатъият ҳаётда муваффақиятни таъминлайди.

Хулоса: омад – рўй берадиган ҳодиса. Сизнинг муваффақиятингиз олдиндан аён, буни амалиётда синаб кўринг.

Акбар Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.