Россия вилоятларида Crocus City Hall даги терактдан сўнг муҳожирларга нисбатан янги дискриминация ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Insider хабар берди.
“Шерметьево” аэропортида қирғизлар ушланиб қолмоқда
23 март куни кечқурун Москвага келган Қирғизистоннинг ўндан ортиқ фуқароси “Шереметьево” аэропортидан чиқарилмаган.
"Биз кеча Бишкекдан учиб, Москва вақти билан 18:40 да “Шереметьево”га етиб келдик. Бу ерда паспортларимизни йиғишди ва бизни бир хонага олиб киришди. Тўрт соат давомида телефонларни текшириб, қайтариб беришмади. Бармоқ изларимизни олиб, бир қанча қоғозларга имзо чекишга мажбурлашди. Украинлар ва тожиклар одатда калтакланади. Суткалаб оч ўтирдик, сув ҳам беришмади.
Жиноятчилардай хонага қамашди, бир хонада 10 дан ортиқ қирғизистонлик ўтирибди, бошқаларда эса кўпроқ. Аввалига улар буни “қўшимча текширувлар” деб айтишди, кейин эса умуман тушунтиришни тўхтатишди. Биз элчихона билан боғландик, улар бизга ёрдам бера олмаслигини айтди", — дейди жабрланувчилардан бири.
Журналистларнинг хабар беришича, “Шереметьево”дан шаҳарга киритилмаган бир неча киши Қирғизистонга чипта олиб, учиб кетишган. Бироқ кўпчилик бундай қила олмаган, чунки сўнгги икки кун ичида чипталар нархи сезиларли даражада ошган.
Аvia Sales хизмати маълумотларига кўра, эртага, 25 мартга “Шереметьево”дан Бишкекка энг арзон чипта 11 608 рубль (тахминан бир миллион 577 сўм), “Аэрофлот”нинг кечки парвози эса аллақачон 43 658 рубль (салкам 5 миллион 932 минг сўм). Аэропортда қанча Қирғизистон фуқароси борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси бу масалани кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Такси ҳайдовчиларига таҳдидлар, корхоналарда текширувлар
Х ижтимоий тармоғида ҳудудларда ишловчи таксичиларга йўловчилар томонидан ёзилган хабарлар скриншоти тарқалмоқда:
“Сизнинг миллатингиз нима? Агар Тожикистондан бўлсангиз, буюртмани бекор қилинг”, “Тожикистонлик бўлсангиз, буюртмани бекор қилинг, мен сиз билан кетмайман ёки “ГАИ”ни чақираман, йўловчи ташиш бўйича лицензиянгизни текшириб кўрсин”, деб ёзади йўловчилар ҳайдовчиларга.
Скриншотлар “Говорит НеМосква” канали томонидан нашр этилган.
Екатеринбургдаги савдо марказларида ижарачилардан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан бўлган ходимларининг рўйхатини тақдим этишлари сўралган эълонлар пайдо бўлган.
“24 март соат 16:00 га қадар Марказий Осиё (Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон) фуқаролари бўлган барча ходимлар рўйхатини тайёрлаш зарур”.
Буюртмада айтилишича, талабни бажармаслик 3000 рубль (салкам 408 минг сўм) миқдорида жаримага олиб келади. Тегишли эълон фотосуратлари Telegram каналида пайдо бўлган, эълон қилинаётган вақтда уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ёки инкор этиш имкони бўлмаган.
Екатеринбургдаги E1 нашрининг ёзишича, Гринвич савдо марказидаги муассасалардан бирининг вакили мигрантлар ҳақида маълумотлар тўпланаётганини тасдиқлаган:
“Аввал хавфсизлик хизмати хорижлик ходимлар ҳақидаги маълумотлар билан қизиқар эди. Лекин паспорт маълумотлари илк бор, шундай қисқа вақт ичида йиғилмоқда”, — дейди у.
23 март куни Москва вилоятидаги Crocus City Hall да содир этилган теракт юзасидан 11 киши қўлга олинди. ОАВда ҳибсга олинганлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларидан мамлакат фуқароларининг терактга алоқадорлиги ҳақида маълумот олмаганини маълум қилди. Мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси ватандошларини оммавий тадбирларда қатнашмасликка чақирди.
Гумонланувчилар қўлга олинган куни бир қатор Telegram каналларида Тожикистоннинг тўрт фуқароси терактда иштирок этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалиб, уларнинг сурати эълон қилинди. Жумладан, Ривожиддин Исломов ва Махмадрасул Насриддиновларнинг исм-шарифлари ва фотосуратлари чоп этилди.
Кейинроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Telegram каналларидаги маълумотни рад этиб, ушбу республика фуқаролари 2023 йил 26 ноябрь куни Россиядан қайтиб келгани, теракт содир бўлган вақтда Тожикистонда яшаш жойида бўлганини маълум қилди. Республика Ички ишлар вазирлиги ҳам уларнинг паспортлар билан тушган суратларини чоп этди.
Crocus City Hall даги теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Бир неча қуролланган киши концерт зали биносига бостириб кириб, оломонни отиб ташлаган, кейин эса бинони ёқиб юборган. Теракт оқибатида 137 киши ҳалок бўлди, 154 киши яраланди.