Жиззахда "30-март Халқаро чиқиндиларсиз дунё куни" муносабати билан акция ўтказилди

Улашиш:

Экология  вазирлиги ташаббуси билан  "30 март — Халқаро чиқиндисиз кун" (International Day of Zero Waste) муносабати билан республикамизнинг барча вилоятларида ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, югуриш орқали чиқиндиларни саралаб йиғиш – "плоггинг" тадбирлари ўтказилди. 

Ушбу санада  Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Шароф Рашидов тумани "Тоқчилик" МФЙ ва Уч тепа даҳасини боғловчи автомобил йўли ёқасидаги  чиқиндиларни тозалаш мақсадида акция ташкил этилди. 

Акцияни юқори савияда ўтказишда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг Жиззах вилоят ҳудудий филиали,  "Эко-сфера" МЧЖ, вилоят Ёшлар ишлари бошқармасининг кўнгилли волонтёрлари, "Ёш экофаоллар" гуруҳи аъзолари, "Тоза ҳудуд" ДУК, "Тоқчилик" МФЙ вакиллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлик қилдилар.

Акциянинг тантанали очилиш маросимида Экологик назорат инспекцияси Бунёд Эгамов сўзга чиқиб, Экология вазирлиги  ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбир ҳудудлар озодалигини таъминлашга, жамоатчиликда бу борада дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.

"Акция ўтказилаётган автомобил йўли ёқасига аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар  ноқонуний ташлаб кетилганлиги сабабли биз ушбу ҳудудни тозалашга қарор қилдик.  Чиқиндиларни бартараф этиш учун 6 та махсус техника воситалари жалб этилди. Шунингдек, экология ходимлари, ёшлар, ташкилот ва корхоналар вакиллари, маҳалла фаоллари кўнгилли бўлиб шу кўчанинг тозалигига ҳисса қўшмоқдалар. Ўйлаймизки, ушбу ташаббусимиз аҳоли ва жамоат вакиллари томонидан қўллаб-қувватланади ва эндиликда бу ҳудуднинг экологик назорати таъминланади", деди Бунёд Эгамов. 

Акция доирасида иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб,  белгиланган вақт ичида ҳудудларни тозалаш топшириғини олдилар.  Иштирокчиларга зарурий ашёлар,  елим қоп ва қўлқоплар, антисептик воситалар,  футболка, кепка,  эко-сумкалар тарқатилди. Энг кўп чиқинди тўплаган ва фаол иштирок этган акция иштирокчилари турли номинациялар бўйича диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, шу куни "Ekolog. uz" жамоат бирлашмаси томонидан мазкур экологик сана доирасида Жиззах шаҳрининг "Наврўзбулоқ" сайилгоҳи ҳудудида чиқиндиларни югуриб йиғиш бўйича ёшлар ўртасида "плоггинг" ўтказилди. Плогинг доирасида ушбу сайилгоҳ турли чиқиндилардан тозаланди.  Плогингда Жиззах шаҳар Экология инспекцияси мутахассиси иштирок этиб,  ёшларга чиқиндиларни йиғиш, уларни белгиланган жойларга ташлаш ва бу борада уларнинг экологик билим ва кўникмасини ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб борди. 

Маълумот ўрнида, бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб улгурган. Шу боис, Туркия давлати 105 та бошқа давлатлар билан биргаликда бутунжаҳон чиқиндисиз кунини белгилаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди ва БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрдаги мажлисида 30 мартни ҳар йили нишонланадиган «Халқаро чиқиндисиз кун» деб эълон қилиш тўғрисида резолюцияни қабул қилди.

Ушбу санани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — кенг жамоатчиликнинг чиқиндиларга бўлган муносабатини ўзгартириш ва бу орқали чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, қайта ишлаш бўйича тушунчларни шакллантириш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш моделларини тарғиб қилиш, айланма иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.