Туркияда бўлиб ўтаётган сайлов жанжалларга сабаб бўлмоқда. Қурбонлар бор (видео)

Улашиш:

Айни дамда Туркияда бўлиб ўтаётган муниципал сайловлар пайтида одамлар орасида жанжал содир бўлди ва оқибатда икки киши вафот этди. Бу ҳақда "Cumhuriyet" нашри хабар берди.

Биринчи ҳолатда Диёрбакир вилояти Сур туманидаги Оғочлидара маҳалласида содир бўлган.  Муниципал сайловлар учун овоз бериш вақтида тўполон бошланган. Муштлашув чоғида тош, таёқ ва тўппонча ишлатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида бир киши – 44 ёшли Эмин Челик ҳаётдан кўз юмган, 11 киши жароҳатланган. Ярадорлар шаҳардаги шифохоналарга етказилган. 

Муштлашув вақтида ҳудудга юборилган тез ёрдам машиналаридан иккитаси отилган тошлардан зарар кўрган. Мудҳиш ҳодисага нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Жандарм гуруҳлари ҳудудда хавфсизлик чораларини давом эттирмоқда.  

Шунингдек, Бурса вилоятида ҳам муштлашув бўлган, бир киши ўлган, яна икки киши яраланган. Можарога 32 ёшли Юсуф Йигит исмли шахснинг икки қариндоши давлат лавозимига номзод қилиб кўрсатилганига қарамай, сайловда бошқа маҳаллий уруғдан бўлган номзодни қишлоқ мудирлигига қўллаб-қувватлагани сабаб бўлган. Йигит билан икки амакиваччаси ўртасида  жанжал келиб чиққан ва оқибатда қариндошлардан бири қурол олиб, ўт очган. Йигит воқеа жойида вафот этган, икки киши жароҳат олган.



Эслатиб ўтамиз, Туркияда бугун, 31 март куни муниципал сайловлар бўлиб ўтмоқда. Мамлакатнинг асосий қисмида сайловлар соат 08:00да бошланиб, 17:00да якунланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.