500 йилдан кейин барча японияликлар бир хил фамилияга эга бўлади

Улашиш:

500 йилдан кейин Япониянинг барча фуқаролари эскирган никоҳ қонуни туфайли бир хил фамилияга эга бўлади. The Guardian нашрининг ёзишича, агар эр-хотинларнинг бир хил фамилияга эга бўлишини талаб қилувчи қонун бекор қилинмаса, 2531 йилга бориб, ҳар бир япониялик Сато фамилиясига эга бўлади.

2023 йил март ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Сато» аллақачон япон фамилиялари рўйхатида биринчи ўринга чиққан. Умумий аҳолининг 1,5 фоизи шу фамилияга эга, иккинчи ўринда «Сузуки» фамилияси.

Тадқиқот муаллифи, Тохоку университети иқтисод профессори Хироши Ёшида ҳисоб-китобларига кўра, Сато фамилияли японларнинг улуши 2022 йилдан 2023 йилгача 1,0083 мартага ошган. Агар бу кўрсаткич доимий бўлиб қолса ва фамилия қонунларида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаса, Япония аҳолисининг қарийб ярми 2446 йилда бу фамилияга эга бўлади, 2531 йилда эса 100 фоизи.

«Япония Сато миллатига айланади, бу нафақат ноқулай бўлади, балки шахсий қадр-қимматга путур етказади», деди профессор ва бу тенденция оилавий ва минтақавий мероснинг йўқолишига ҳам олиб келишини таъкидлади.

Япониядаги эр-хотинлар турмуш қуришда қандай фамилиядан фойдаланишини танлаши керак, аммо 95 фоиз ҳолларда аёл эрининг фамилиясини олади. Ҳукумат паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва яшаш жойи ҳақидаги гувоҳномада турмуш қурганларнинг исми шарифи ёнида қизлик фамилиясини кўрсатишга рухсат берган бўлса-да, Япония эр-хотиндан бир хил фамилиядан фойдаланишни талаб қиладиган дунёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.