Қизил чироқда «Тез ёрдам»га йўл берган ҳайдовчининг жаримаси бекор қилинди ва тақдирланди

Улашиш:

Тошкентнинг Чилонзор туманида светофорнинг қизил чироғи ёнган вақтда қоидани бузиб, «Тез ёрдам» машинасига йўл берган Cobalt ҳайдовчисининг уйига жарима хати борди. Ҳолат ўрганилиб, фуқарога ёзилган жарима бекор қилинди. Ҳайдовчи шаҳар ИИББ томонидан тақдирланди.

Тошкент шаҳрида светофорнинг қизил чироғи ёнган вақтда қоидани бузиб бўлса-да «Тез ёрдам» автомашинасига йўл берган Cobalt ҳайдовчисига белгиланган жарима жазоси бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Гап шундаки, ҳайдовчи Чилонзор тумани Катта Ҳирмонтепа кўчаси 48-уй қаршисида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ўзининг Cobalt русумли автомобилида тўхтаб турган. Ўша пайт ортдан келган «Тез ёрдам» автомашинасига қоидани бузиб бўлса-да йўл берган. Орадан икки кун ўтгач, унинг яшаш манзилига жарима қоғози борган.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг сўзларига кўра, ҳолат махсус база орқали ўрганиб чиқилган ва фуқарога берилган жарима бекор қилинган.

«Ҳайдовчи қоидани бузган бўлса ҳам жарима жазоси ўрнатилган тартибда бекор қилинди. Шунингдек, ўз фуқаролик бурчини виждонан бажарган ушбу фуқаро бошқармамиз томонидан тақдирланди», — деди бошқарма ходими.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.