Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги муносабати билан 2024 йил 18 май куни Тошкент Ботаника боғида “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги”га бағишланган фестивали бўлиб ўтди. Тадбир давомида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган 40 дан ортиқ лойиҳалар тақдим этилди.
Фестивал кўргазмасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Saferworld халқаро ташкилоти, "Диалог" Республика нодавлат нотижорат ташкилоти ва Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва давлат органлари ўртасида гендер тенглиги бўйича ҳаморлик” лойиҳаси тақдимот қилинди.


Кўргазма қатнашчилари, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш ва тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда идоралараро мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш ҳамда тазйиқ ва зўравонликка учраган жабрдийдаларга хизмат кўрсатувчи Реабилитация марказлари ва шелтерлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилган лойиҳа доирасидаги фаолияти билан таништирилди.
Лойиҳа қатнашчилари, Наманган вилояти "Лола" аёллар ва ёшлар маркази раҳбари Сиддиқова Мавлуда ва Жиззах вилояти “Қахрамон” маҳалла фуқаролари йиғини маҳалла хотин-қизлар фаоли Исмоилова Дилнозалар лойиҳа доирасида ташкил этилган барча тадбирларда иштирок этиб, уларда олган билим ва кўникмаларини ўз фаолиятида қўллаётганликлари ҳамда унинг натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиларини қўллаб-қувватлаш борасида ижобий натижаларга эришаётганликлари ҳақида маълумотлар беришди.
Тақдимотда лойиҳанинг келгусидаги режаларига мувофиқ, давлат органлари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлар ва бошқа манфаатдор идора вакиллари жабрланганларга юқори сифатли хизматлар кўрстатиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида хорижий мамлакатлардаги ҳамкасблари ўртасида билим ва тажрибалар алмашиши ҳамда Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, реабилитация марказлари ва жамоат бирлашмаларига уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун кичик грантлар берилиши ҳақида маълумотлар берилди.