Ягона шошилинч чақирув хизмати ташкил этилади

Улашиш:

Жорий йилнинг 29 майида «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжатга кўра, энди ҳодиса ва фавқулодда вазиятлар рўй берганда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун «112» қисқа рақамига қўнғироқ қилинади. Бунда чақирувга асосан автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати ташкил этилади.

 

Мазкур хизмат орқали фуқаро Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятига тегишли муаммолар бўйича шошилинч маълумотларни етказадиган ягона тизим ҳисобланади. Шу ҳисобда, фуқаро юқоридаги ташкилотларга тааллуқли муаммолар кузатилганда биргина «112ʼ рақамига бўғланиб, чақирувни амалга ошириши мумкин.

 

«112» ягона диспетчерлик хизматининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

◻️ фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш, уларга бепул асосда шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;

◻️ шошилинч ёрдам кўрсатишни бошқариш ва мувофиқлаштириш;

◻️ вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари ўртасида яқиндан ахборот алмашинуви бўйича тезкор ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

 

Диспетчерлик хизматидан республиканинг барча ҳудудларида фойдаланиш мумкин, аммо бошланишида у босқичма-босқич ишга туширилади.

 

Жумладан:

▪️ 2024 йил 1 июндан – Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида;

▪️ 2024 йил биринчи ярим йиллигида – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида;

▪️ 2024 йил якунига қадар – Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.