Энди Ўзбекистонни ҳақорат қилган шахслар мамлакатга киритилмайди

Улашиш:

«Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг навбатдаги йиғилишида депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган.

 

Қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқиб, қабул қилинган.

 

Шунингдек, ҳужжат билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланди.

 

Жумладан, энди мазкур шахслар томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлади.

 

Бундай шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқланади. Улар Ўзбекистондан депортация қилинади.

 

Таъкидлаш лозим, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилади.



2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.