Россиядаги мигрантлар орасида сўровнома ўтказилди. Натижаларга кўра, федерацияда фаолият юритаётган муҳожирларнинг ўртача ойлик маоши 47 минг 100 рублни ташкил этади.
Мигрантлар федерацияси ва Ломоносов номидаги Москва давлат университети томонидан меҳнат мигрантлари ўртасида сўровнома ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, сўровномада Россияда ишлаётган меҳнат мигрантларининг ўртача ойлик маоши 47 минг 100 рублни (6 млн 900 минг сўм) ташкил этиши маълум бўлган.
Хусусан, федерацияда рус тилини яхши биладиган муҳожирлар ўртача 49 минг рубл (7 млн 200 минг сўм), рус тилини яхши билмайдиганлар эса ўртача 37 минг рубл (5 млн 400 минг сўм) маош олади.
Қурилиш нисбатан кўп пул ишлаб топиш мумкин бўлган йўналиш ҳисобланиб, ушбу соҳада ишловчиларнинг ўртача маоши 54 минг рублни (7 млн 900 минг сўм) ташкил этади.