Ўзбекистонда эсдалик тангалари ва сувенир тўпламлари дизайнларининг танлови эълон қилинди. Aсосий ғолиб 20 миллион сўм ютиб олиши мумкин

Улашиш:

Марказий банк ҳузуридаги “Давлат белгиси” ДУК томонидан эсдалик тангалари ва сувенир тўпламлари дизайнларининг танлови ўтказилишини эълон қилган. Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланади.  

Танловда тасвирий санъат, дизайн, графика, иллюстрация, реклама ва бошқа турдош соҳага оид билим ва тажрибага эга бўлган жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин бўлади.

Талабгорларга қуйидаги мавзулар таклиф этилади:

  • тарихий ва муқаддас қадамжолар;

  • халқимизнинг қадриятлари, маданияти ва тарихи;

  • Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси;

  • Буюк Ипак йўли;

  • спорт соҳаси;

  • табиат ва ҳайвонот олами;

  • миллий ҳунармандчилик;

  • эркин мавзу.

Дизайн муаллиф томонидан чизилган бўлиши ва бошқа ижодкорларнинг аввалги ишларини қайтармаслиги керак. У доира ичида компьютер графикасидан фойдаланиб тайёрланиши ёки А4 форматли қоғозга қалам билан туширилган бўлиши ҳамда уларда тасвирланган ҳар бир элемент аниқ кўриниши лозим. Дизайн танга ёки сувенир тўпламлари аверс (олд томони) ва реверс (орқа томони) кўринишлардан ҳамда уларнинг қисқача тавсифидан иборат бўлиши керак.

Дизайн лойиҳалар 31 июлга қадар қабул қилинади.

"Давлат белгиси" ишчи гуруҳи   ишларни ўрганади ва 30та энг яхши дизайн лойиҳаларини танлайди, сўнгра муаллифлар билан биргаликда эскизларни якунлайди. Лойиҳалар беш иш куни ичида Марказий банк комиссиясида муҳокама қилинади ва натижада 15 нафар ғолиб танланади.  

Танлов ғолиби 20 миллион сўм олади. Иккинчи ўрин учун 15 миллион сўм, учинчи ўрин учун 10 миллион сўм тўланади. Қолган иштирокчилар 3 миллион сўм олади. Бундан ташқари, зарб қилинган ва муомалага киритилган эсдалик тангалари ва эсдалик совғалари муаллифи қўшимча равишда 10 миллион сўмлик бир марталик ҳақ олади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.