Ҳалоллик учун мукофот. Тошкент вилоятида амалдор аёл 5 минг доллар солинган папка ҳақида хабар берган ва шу учун мукофотланган

Улашиш:

16 август куни Тошкент вилоятида амалдор аёл Назокат Ўразова беш минг доллар миқдорида пора олишдан бош тортгани учун мукофотланган. Ҳалоллик учун бўлим бошлиғи иш ҳаққининг уч баравари миқдорида моддий рағбатлантирилган. 

Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Назокат Ўразованинг хизмат хонасида номаълум шахс файл папкасини қолдирган. Гувоҳлар иштирокида папканинг ичи очиб кўрилганда, унда беш минг доллар топилган. Вилоят бошқармаси раҳбари ва бошқа масъул ходимлар иштирокида тегишли далолатнома тузилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган. 

Иш вазир Хилола Умарованинг шахсий назорати остига олинган, маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган. Зарурий текшириш тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Вазирлик таълим тизимида шаффофлик ва ҳалолликни сақлашга қаратилган коррупцияга қарши фаол кураш олиб борилмоқда. Фуқаролар ва давлат хизматчилари билан муносабатларда суиистеъмолликнинг олдини олиш ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тушунтириш ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: порахўрлик — бу жиддий жиноят бўлиб, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.



 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.