Хитойликлар жуда болажон халқ. Шунинг учун Чин давлатида бировга бепуштликни тилаш қадимдан энг ёмон ҳақорат ҳисобланган. Болаларга бўлган бундай меҳр анъанавий маданиятга асосланади, чунки, масалан, Конфуций таълимоти қадимдан катта оилага эга бўлишни тарғиб қилган. Ҳатто “яхши” сўзининг иероглифи ҳам икки қисмдан иборат – аёл ва бола. Айнан шу сабабли, бугунги кунда Хитойда туғруқхоналар ва янги туғилган чақалоқларни парвариш қилишнинг энг илғор тизимлари яратилган. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди: сўнгги йилларда мамлакатда ҳар йили тўққиз миллиондан ортиқ бола дунёга келади.
Ажабтовур тизим
Одатда, Хитойда ҳомиладорлик ва туғишни назорат қилиш учун хусусий ихтисослаштирилган клиникалар, хусусий кўп тармоқли ҳамда давлат кўп тармоқли касалхоналари ўртасида танлов қила олади. Шу билан бирга, бир муҳим масала мавжуд: Хитойда бепул туғиб бўлмайди, лекин хитойлик аёллар кенг тарқалган давлат ижтимоий суғурта дастуридан фойдаланиши мумкин.
Туғиш нархи асосан иккита шартга боғлиқ: онанинг хоҳишидаги қулайлик даражаси ва туғиш тури. Кесар усулида кесиш табиий туғишга қараганда икки-уч баравар қимматроқ. Агар Ўзбекистонда кесар усулида кесиш фақат кўрсатмаларга кўра амалга оширилса ва шошилинч усул ҳисобланса, Хитойда қандай туғишни аёлнинг ўзи ҳал қилади. Хитойлик аёллар орасида кесар усулида кесиш жуда кенг тарқалган: бу туғишнинг осонроқ усули саналади.
Хитойдаги энг йирик туғруқ мажмуаларидан бири – Xiamen Humanity бўлиб, у Швейцариянинг Lemanarc компанияси томонидан лойиҳалаштирилган
Касалхонага биринчи ташриф буюрганида, одатдаги қоғозли тиббий китобчадан ташқари, бемор ҳақидаги барча маълумотларни сақлайдиган пластик карта ҳам берилади. Ҳар қандай клиниканинг ташрифхонасида одатда таҳлиллар натижасини исталган вақтда чоп этиш мумкин бўлган автоматлар туради, уларни шифохонанинг мобиль иловасида ҳам кўриш мумкин. Ҳар бир бўлинма ёнида навбатларни кузатиш учун экранлар ўрнатилган. Болалар бўлими жойлашган қаватда чақалоқларнинг кийимларини алмаштириш ва овқатлантириш учун мўлжалланган махсус хоналардан фойдаланса бўлади.
Хитойда ҳомиладор аёл 16-ҳафтадан кейин махсус карта – “цзяньданка”ни расмийлаштириши керак. Бу туғруқ вақтида аёлни қабул қилиш учун тиббий муассасанинг ўзига хос мажбурияти битилган қоғоздир. Шу билан бирга, шифокорлар ультратовуш текшируви вақтида боланинг жинсини олдиндан эълон қилмасликлари қизиқ – бу қонун билан тақиқланган. Бу ерда ҳатто “қиз фарзанднинг ўғил фарзанддан ёмон жиҳати йўқ” деган ёзувларни ҳам кўришингиз мумкин. Хитойлик оилалар ўғил фарзанд кўришни афзал кўришади, чунки у авлод давомчиси ва келажакда ота-онаси учун моддий таянч бўла олади. Шунинг учун, агар хитойликлар қиз туғишини олдиндан билишса, аборт қилишлари эҳтимолдан холи эмас.
Ҳам хусусий, ҳам давлат клиникаларида ҳомиладорликка тайёргарлик кўриш, эмизишнинг аҳамияти ва янги туғилган чақалоқларга ғамхўрлик қилишнинг асосий тамойиллари ҳақида маълумот берадиган махсус мактаблар мавжуд. Бундан ташқари, бу дарслар бўлғуси оналар учун мажбурий бўлиши ҳам мумкин. Баъзи клиникаларда бола туғилган заҳотиёқ ҳамшира онага эслатма бўлиши учун болани қандай овқатлантириш, ювинтириш ва қандай аломатлар бўлганда касалхонага олиб бориш кераклиги борасида қайта кўрсатмалар беради.
Хитойда бола отасининг фамилиясини мерос қилиб олади, исм эса туғилганидан кейин танланади
Хитойда ҳозиргача бола йўлдошини дарахт тагига кўмиш керак деган иримга ишонишади. Шундай қилинса, чақалоқ худди дарахт каби илдиз отар эмиш, яъни узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради деб ўйлашади. Бугунги кунда кўпчилик бу иримга ишонмаса-да, шифокорлар ҳозирга қадар йўлдошни уларга қайтариб бериш керакми ёки туғруқхонада утилизация қилиш керакми – бу масалани ота-оналардан сўрашади.
Иккинчи қадам
Хитойда бола туғилганидан кейинги биринчи ойда аёлга алоҳида ғамхўрлик кераклигини яхши билишади. Она кучга тўлиши, ўзини асраши ва етарлича ухлаши керак. Мазкур жараён “цзо юэ цзи” деб аталади, у “бир ой ўтириш” деган маънони англатади. Бугунги кунда аёллар ушбу муддатни реабилитация марказларида – аёллар ва уларнинг чақалоқлари учун санаторийларни эслатувчи муассасаларда ўтказишга одатланган.
Баъзи клиникаларда бола туғилган заҳотиёқ ҳамширалар онага қайта кўрсатмалар беришади
Марказда онага ҳамширалар, болага эса энагалар ғамхўрлик қилади. Вақти-вақти билан гинеколог ва психолог онани кўрикдан ўтказади, педиатр болани кузатиб боради. Аёлларга фойдали муолажалар буюрилади, махсус овқатланиш танланади ва кунига беш-олти марта овқат берилади, эмизишни ёки сунъий озиқлантиришни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатилади ва ухлаши учун кераклича вақт берилади. Кир ювиш ва хонани тозалаш ҳам ходимлар томонидан амалга оширилади.
Хитойда ҳомиладор аёлларга артериал қон босимини кўтариш учун хурмо истеъмол қилиш тавсия этилади, чунки кўпинча ҳомиладор аёлларда у паст бўлади. Хитойлик шифокорлар ҳомиладор аёлларнинг овқатланишига жиддий ёндашади. Тўғри овқатланиш чақалоқнинг соғлом бўлиши гаровидир. Бундан ташқари, улар туғруқдан кейинги биринчи ой давомида сочларни ювмаслик ва ҳаммом қабул қилмасликни, шунингдек, иложи бўлса, совуқ сувдан қочишни тавсия қиладилар. Шунинг учун қўл ва кийим-кечаклар фақат илиқ сувда ювилади.
Туғиш учун тўловни амалга ошириш мақсадида хитойлик аёллар кенг тарқалган давлат ижтимоий суғурта дастуридан фойдаланишлари мумкин
Чин давлатида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома туғруқхонада берилади. Хитойда бола отасининг фамилиясини мерос қилиб олади, исми эса туғилганидан кейин танланади. Одатда, у учта иероглифдан иборат бўлиб, унинг маъноси чақалоқнинг келажагига таъсир қилади деб ишонилади. Ёқтирган ёки рамзий туюлган иероглифлар комбинациясини баъзида ота-оналар ўзлари танлайдилар. Мисол учун, Мэнсюэ “орзу” ва “қор” деган маънони англатади, Чэнцзя эса “гўзал”, “бахтли” ва “ишончли девор” каби маъноларни беради. Бироқ кўп ҳолларда ота-онанинг туғилган кунлари, боланинг туғилган вақти ва санасини таҳлил қилиб, иероглифларнинг энг мос комбинациясини таклиф қиладиган усталарнинг ёрдамига мурожаат қилишади. Агар бола тез-тез касал бўлса, яхши ўқимаса ёки бошқа бирор муаммо юзага келадиган бўлса, исмни бир неча марта алмаштириш мумкин.
Чин мамлакатида болани ҳаётининг дастлабки 100 куни давомида бегоналарга кўрсатиш мумкин эмас, деб ҳисоблашади, чунки бу даврда унга ёвуз руҳлар ёпишиб олиши мумкин. Шу билан бирга, хитойликлар бола ҳаётининг биринчи ойини жуда ҳашаматли тарзда нишонлашади.
Хитойлик аёллар орасида кесар усулида кесиш жуда кенг тарқалган: бу туғишнинг осонроқ усули деб ишонилади
Қизиғи шундаки, одамлар, масалан, Аргентина ёки Қўшма Штатларда бўлгани каби ушбу давлатга туғиш учун атайлаб учиб келмайдилар, чунки Хитой фуқаролигини олиш учун шу ерда туғилганликдан ташқари бошқа асослар ҳам керак бўлади. Хитой Халқ Республикасининг фуқаролик тўғрисидаги қонунида қон ҳуқуқи тамойили устунлик қилади. Агар боланинг ота-онасидан ҳеч бўлмаганда биттаси Хитой фуқаролигига эга бўлса, болага ҳам фуқаролик берилади. Мамлакат ҳудудида туғилган бўлса ҳам, чет элда туғилган бўлса ҳам, ХХР ўз фуқароларининг фарзандларига фуқароликни беради.