Ўзбекистонда пахта йиғим терими бошланди

Улашиш:

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланди. Бу йил 3,9 миллион тонна "оқ олтин" йиғиш режалаштирилган. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Пахта хом-ашёсининг етилишига қараб, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ҳосил йиғими бошланган. Бошқа ҳудудларда 10-15 сентябрь кунлари бошланиши кутилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, бу йил эрта баҳорда нам об-ҳаво туфайли уруғ экиш бироз кечиктирилган. Бироқ, ёз ойларида кунлик ҳарорат ўртача +38 даражани ташкил этгани эса ҳосилга ижобий таъсир кўрсатган.

Вазирликнинг билдиришича, бугунги кунда фонд бозорида пахта хомашёсининг энг кам нархи бир килограмм учун 7 800 сўмни ташкил этади.

Бу йил пахта ўтган мавсумдаги каби 1,012 миллион гектар майдонда етиштирилмоқда. Бундан ташқари, вазирлик пахта теримининг катта қисми техника ёрдамида амалга оширилишини ҳам таъкидлаган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитой усулида плёнка остида етиштирилган пахта туфайли ушбу мавсумда юқори ҳосил кутилмоқда. Прогнозларга кўра, бир гектардан ҳосил 60-70 центнерга етиши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, 2023 йилда Ўзбекистонда 3,7 миллион тонна пахта терилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.