Академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ, талабалар ўз ихтиёрига кўра, қайси таълим шаклида таҳсил олишидан қатъий назар академик таътил олиш ҳуқуқига эга.
Академик таътил олиш учун талаба томонидан ОТМ ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилинади.
Академик таътил қуйидаги ҳолатларда берилиши мумкин:
- ҳарбий хизматни ўташ учун;
- саломатлигини тиклаш учун;
- ҳомиладорлик ва туғиш учун;
- болаларни парвариш қилиш учун;
- оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.
Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:
- ҳарбий хизматни ўташ учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;
- ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига;
- саломатлигини тиклаш ҳамда оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — кейинги йилнинг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошлангунига қадар бўлган муддатга
Бунда, қайд этилган муддатлардан бири талабанинг аризасига мувофиқ олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан белгиланади.