Ўзбекистондаги мактабларда қизларнинг ҳижобда, ўғил болаларнинг соқол қўйган ҳолда келишига рухсат берилдими? ХТВ аниқлик киритди

Улашиш:

Ўзбекистонда 2021 йил 5 июль куни «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Янги таҳрирга кўра, жамоат жойларида ибодат либосида юришга рухсат берилди. Шундан сўнг давлат мактабларида ҳижобда юришга рухсат берилиши мумкинми? Бу саволга Халқ таълим вазирлиги жавоб берди.

Маълум қилинишича, ўқувчиларни умумий ўрта таълим муассасаларида кийиниш маданияти билан боғлиқ нормалар амалдаги таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб берилган.

Шунингдек, 2021 йилнинг 5 июль куни қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг шарҳида ҳам амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълум қилинган.

Хусусан, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистонда таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди. Ўзбекистоннинг «Таълим тўғрисида»ги қонуни 49-моддасида таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талаблар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган.

Мазкур ваколатдан келиб чиқиб, ҳукумат томонидан 2018 йил 15 августда 666-сон «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга, мазкур қарор билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (матнда кейинги ўринларда – низом) тасдиқланган.
Мазкур низомга кўра умумтаълим мактабларида:

  • ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;
  • қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

  • огоҳлантириш;
  • кундалик дафтарига қайд этиш;
  • тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Қайд этилишича, мазкур талабларга ўқувчилар томонидан қатъий амал қилиниши учун ота-оналар масъул ҳисобланишини низомда белгиланган.

Бугунги кунда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари таълим муассасасига мазкур низом талабларида белгиланган тартиб ҳамда таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мактаб формасига мувофиқ кийинишлари, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 509-сон қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари учун ҳукумат томонидан тасдиқланган мактаб формаси мажбурий ҳисобланади.

«Ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан бугунги кунда низомнинг юридик кучга эга эмаслиги, унда белгиланган қоидалар амалда эмаслиги ҳақидаги ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқатилмоқда. Ушбу фикрларга шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, замонавий ягона мактаб формаси 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб мажбурий этиб белгиланган бўлса-да, бироқ низомда белгиланган талаблар давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари учун бугунги кунда ҳам мажбурий ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди бўйича амал қилади», – дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, низомнинг 7-бандида ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги белгиланган.

Бунда Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Қўшимча равишда, «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 48-моддасига асосан, устав (таъсис ҳужжати) талабларига, ички тартиб-қоидаларига, вақтинча яшаш жойлари қоидаларига ва таълим фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга оширишга оид бошқа ички ҳужжатлар талабларига риоя этиш таълим олувчиларнинг мажбуриятларидан бири этиб белгиланган.

Шу муносабат билан халқ таълими вазирининг 2020 йил 28 майдаги 131-сон буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларининг 8-бандига мувофиқ, ўқувчилар таълим муассасасига белгиланган мактаб формасида келишлари лозим эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Халқ таълим вазирлиги ушбу қоидаларга амал қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам эслатиб ўтган.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши ушбу шахсларни базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.