Алишер Қодиров ишчиларига намоз ўқиши учун шароит яратиб берган тадбиркор нотўғри жаримага тортилганини қайд этди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги корхона раҳбари ишхонада ходимлари ва мижозларга намоз ўқиш учун шароит яратиб бергани сабаб 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров судья МЖТКнинг 201-моддаси иккинчи қисмини нотўғри қўллаганини, намоз ўқиш «диний маросим эмас, балки эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқ» эканини қайд этди.

«1998 йил, 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида амалга ошириш жойи чекланган амаллар қаторида «диний маросимлар» билан бирга «ибодат» ҳам кўрсатилган эди.

2021 йил, 5 июлда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида, «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг ташаббуси билан, жой бўйича чекловлар белгиланган амаллар қаторидан «ибодат» сўзи олиб ташланган.

Демак, амалдаги қонунда ибодат жойи учун чеклов белгиланмаган. Албатта, ибодат одобига риоя қилиш мажбурияти муҳокама учун мавзу эмас.

Судя ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, «диний маросим» ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланилади.

Фарҳод Раҳмонов суд қарорини белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган мамлакатимизда эътиқод қилувчиларни ибодат амаллари учун, бутун дунёда кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида, жамоат жойларида ҳам қулай шароит яратиб берилиши керак», деб ёзади Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.