Ўзбекистонга АҚШнинг турли шаҳарларидан 20 та инглиз тили ўқитувчиси келиб, мамлакатнинг 10 та минтақасидаги мактаб ва университетларда дарс беради.
"Ушбу ўз касбига содиқ бўлган ўқитувчилар маданий алмашинув ва таълим анъаналарини давом эттириб, Ўзбекистоннинг 10 та минтақасида дарс беришади. Ўтган йилги гуруҳ унутилмас таассурот қолдирди ва биз бу йил нима олиб келишини интиқлик билан кутмоқдамиз", – дея қайд этди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот-хизмати.
2024/2025 ўқув йилида америкалик ўқитувчилар маҳаллий ўқитувчиларга инглиз тилини ўқитишда ёрдам беришади, шунингдек ўқитувчиларнинг методология бўйича билимларини мустаҳкамлайдилар.
2019 йилдан бошлаб 21 та давлат мактабида ва 30 дан ортиқ университетларда инглиз тили ўқитувчилари ассистентлар дастури (Fulbright English Teaching Assistant Program) бўйича 98 та америкалик ўқитувчилар ишлаган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеникнинг таъкидлашича, келган ўқитувчилар нафақат инглиз тили кўникмаларини яхшилашда, балки АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.