Ўзбекистонда араб тили таълими: дунё билан бўйлаша оламизми?

Улашиш:

18 декабрь – Халқаро араб тили куни муносабати билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида илмий-маърифий анжуман ташкил этилди. Унда юртимиздаги араб давлатлари элчилари, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар қатнашди. Илмий анжуманда араб тилини мамлакатимизда ўқитиш масалалари муҳокама этилди.

Араб тили ва ёзувининг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни беқиёс экани сир эмас. Ўн уч аср давомида ушбу тилда улкан илмий-маънавий мерос яратилган. Хусусан, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний каби Уйғониш даврининг буюк алломалари араб тилида бебаҳо илмий асарлар, нодир рисолалар ёзиб қолдирган. Демак, дунё илму фани равнақига беқиёс ҳисса қўшган боболаримиз илмий меросини саҳиҳ манбалар орқали ўрганиш араб тилини пухта билмоқни талаб этади.

Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбий. Фото: Xabar.uz

«Ўзбекистонда араб тилининг ўқитилиш даражасини юқори баҳолайман. Мамлакатингиздаги бир қатор олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида араб тилидан сабоқлар берилаётгани фикримизни тасдиқлайди», – дейди Саудия Арабистони подшоҳлигининг юртимиздаги элчиси Юсуф ал-Утайбий.

Дипломат Ўзбекистонда Халқаро араб тили кунини илк бор ташкил этгани учун ЎзДЖТУ ректори Улуғбек Азизов ва араб мамлакатлари элчиларига миннатдорлик изҳор этди ҳамда маърифий тадбир ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилишига умид билдирди.

Араб тилининг бешиги саналган мамлакат вакили Ўзбекистон билан таълим, жумладан, араб тили таҳсили бўйича ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилаётганини маълум қилди.

Анжуман келгуси йил кенгроқ миқёсда ташкил этилиши кутилмоқда. Фото: ЎзДЖТУ

«Сўнгги беш йилда Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси турли соҳаларда кўзга кўринарли ютуқларга гувоҳ бўлиб келмоқда. Биз тараққиётга камарбаста бўлиш, ҳамкорлик, хусусан, таълим ҳамда араб тилини ўқитишни такомиллаштириш йўлида фаолият кўрсатишга тайёрмиз. Бу борада илм-фан ҳамда таълимга доир битимларни алоҳида қайд этиш жоиз», – дейди дипломат.

Бугун юртимиз бутун дунё, жумладан, Араб олами билан сиёсий-иқтисодий, маданий-гуманитар робиталарни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу эса араб тилини мукаммал ўзлаштирган кадрларга бўлган талабни оширмоқда. Маърифий тадбир давомида мазкур тилни ўқитишни янада такомиллаштириш йўллари муҳокама этилгани ҳам ана шу ҳаётий эҳтиёж билан изоҳланади.

Анжуман доирасида талабалар ўртасида араб тилида нотиқлик маҳорати, ифодали ўқиш ва саҳна кўринишлари бўйича беллашув ҳам ўтказилди. Китоблар тақдимоти, хаттотлик намойиши ҳамда араб миллий таомлари дастурхони эса араб маданияти ва тили муҳитини яқиндан ҳис қилишга хизмат қилди.

Соҳа мутахассисларига кўра, замонавий Ўзбекистонда арабшуносликнинг илғор мактаби шаклланган. Араб тили фани бўйича дарслик, қўлланма ва дастурлар ёзилган. Мазкур тил бўйича халқаро миқёсда тан олинган пешқадам олимлар тарбияланган. Масалан, ТДШУ Араб филологияси кафедраси мудири, Саудия Арабистонидаги университетда кўп йиллар профессор лавозимида фаолият юритган Шорустам Шомусаров Марказий Осиё минтақасидан Бутунжаҳон араб тили иттифоқи марказий кенгаши аъзолигига сайланган.

Мезбон ҳамда меҳмонлар. Фото: ЎзДЖТУ

Юртимизда ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим босқичларида араб тилини ўқитиш йўлга қўйилган. Шунингдек, мазкур тилга ихтисослашган мактаблар мавжуд.

Сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб араб тили Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг давлат тили ҳисобланади. ЮНЕСКО маълумотига кўра, сайёрамиз бўйлаб 400 миллион киши ушбу лисонда сўзлашади. Қолаверса, 1,5 миллиард мусулмон қавми араб тилини Қуръон ва ҳадис тили сифатида айрича қадрлайди.

18 декабрь – Халқаро араб тили куни БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, 2012 йилдан буён дунё бўйлаб нишонланмоқда. Гап шундаки, 1973 йилнинг айни шу санасида БМТ Бош ассамблеяси араб тилини ташкилотнинг олти расмий тилидан бири деб эълон қилган эди.

С.Салим

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.