ТИЛИ БАРҲАЁТНИНГ - ЭЛИ БАРҲАЁТ

Улашиш:

Тил борки, миллат бор, тил борки, ҳаёт бор.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ва элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилига эга. Тилда шу халқ, шу элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Тил  ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир. Тил – миллат кўзгуси. Тил – миллат фахри. Тил – қалб изҳори. Тил – имон масаласи. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.  Зеро, мурғак қалб тил воситасида маънавиятга ошно бўлади, онги ривожланади, шахс сифатида шаклланади ёки аксинча. Ҳар бир миллатнинг маънавий қиёфаси тил орқали шаклланади ва шу тил орқали кейинчалик дунё тамаддунида ўз қиёфасини акс эттиради.

Ўзбек тили XI асрдан бошлаб мустақил тил сифатида шакллана бошлади ва XIV асрга келиб мустақил ўзбек адабий тили даражасига кўтарилди. Лекин ушбу даврда туркий тил ёки турк тили каби номлар билан аталиб келинган. Ҳозир туркий тилларда сўзлашувчи турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, татар, уйғур, қорақалпоқ, чуваш, ёқут, нуғай ва бошқа халқлар, шу жумладан, ўзбек тилининг аждодлари XI асргача қадимги туркий тилда гаплашган. Қадимги турк тилида яратилган Ўрхун-Энасой ёдгорликлари, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат -ул ҳақойиқ” каби асарлари бизгача етиб келган.

Ўтган асрнинг 30-йилларида СССР деб аталмиш империя юҳолари томонидан бошланган қатағон ўзбек миллатининг энг сара фидойиларини ўз домига тортиб кетди. Машъум офат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари қатори тил ва адабиётимизнинг иқтидорли намоёндаларини ҳам четлаб ўтмади, уларнинг “халқ душмани”, “жадид миллатчилари” тамғалари остида қатағон қилингани тарих саҳифаларида ўз аксини топган.

Жадидлар номи билан тарихда қолган ватан фидой­илари жонларини гаровга қўйиб, миллат тақдири, кела­жаги учун жанг майдонига кирдилар. Бунинг учун, авва­ло, пароканда халқни бир ғояга бирлаштириш, ҳуқуқий онгини ўстириш зарурлигини англаб етдилар. Бу буюк ишларни амалга оширишнинг бирдан бир йўли халқни маърифат билан қуроллантириш эди.

Мана шундай эзгу мақсадларни ўзларига шиор қилган жадидлар янги усулдаги мактаблар очиш, га­зета-журналлар ташкил қилиш, театрлар фаолиятини йўлга қўйишга бел боғладилар. Албатта, бу курашлар осонлик билан кечмади. Ана шу даврда миллий алиф­бомиз, адабий тилимиз меъёрларини ишлаб чиққан жадид боболаримиз фаолияти, уларнинг илмий мероси ҳамон етарлича ўрганилгани йўқ. Мунавварқори, Маҳ­мудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Ашурали Зоҳирий, Элбек сингари саноқлигина жадидлар фаолияти қисман тадқиқ қилинган холос. Ваҳоланки, ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрлашувида ушбу давр жуда катта ўрин тутади.

Ҳаммамизга яхши маълумки, Она тилимиз бўлмиш – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақомини бериш тўғрисида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларнинг меросхўрлари бўлган ўзбек халқи тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди.

 Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ўз даврида собиқ СССР тасарруфида бўлган Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган дастлабки дадил қадамларидан бири бўлди. Бунинг натижасида давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларида ўзбек тилида иш юритиш ҳамда ўзбек ҳужжатчилигини такомиллаштиришга катта имконият яратилди. Қонун миллий онгнинг ривожланишида, мамлакат мустақиллигининг мустаҳкамланишида, маданий мероснинг тикланишида муҳим аҳамият касб этди ва унинг қоидалари Ўзбекистон Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Асосий қонунимизнинг 4-моддасига биноан Ўзбекистоннинг давлат тили ўзбек тилидир. Республикамиз собиқ иттифоқ таркибида бўлган бир шароитда қабул қилинган қонунга мустақилликка эришилгандан сўнг ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Натижада 1995 йил 21 декабрда ушбу қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

1993 йил 2-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга кўра, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланиб ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар тарафлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 21 октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилиниши мамлактимизда тил сиёсати соҳасида янги ренессансни бошлаб берди десак асло ҳато қилмаймиз. Чунки 2019 йилдан шу кунга қадар мамлактимизда тил сиёсати соҳасида 1 та қонун, 2 та Президент Фармони, 15 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинди. “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг такомиллаштирилган янги таҳрири қабул қилиниш арафасида.

Ҳозирги вақтда ЮНЕСКОнинг энг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда олти мингга яқин тил ва лаҳжа бўлса, улардан бор-йўғи 400 тасида ёзув мавжуд ва шулардан юзга яқини давлат тили мақомига эга. Албатта, мана шу 100 га яқин тил ичида ўзбек тилининг борлиги бизга ғурур ва фахр бағишлайди. Аммо биз бунга осонликча эришилмаганлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Дунё халқлари тарихини, айниқса, ХХ асрдаги тарихини кузатар эканмиз, не ажабки, уларнинг кўпчилиги ўз миллий мустақиллиги учун курашни ўз она тилига давлат тили мақомини бериш учун курашишдан бошлашган. Хусусан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш каби Англиянинг, Африкадаги Франциянинг, Америкадаги Испаниянинг мустамлакалари бўлган давлатларда мустақиллик йўлидаги дастлабки кураши айнан ўз она тилига давлат тили мақоми бериш учун курашлардан бошланган. Аммо, афсуски, уларнинг барчаси ҳам ҳали ҳануз ўз ниятига эришган эмас. Ҳозиргача ҳам айрим давлатларда инглиз, испан, француз, португал тиллари давлат тили ҳисобланади.

Буюк боболаримизнинг тилга бўлган муносабатига назар соладиган бўлсак, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний 150 дан ортиқ тилни билган. Шулардан 20 таси “унутилган тиллар” саналган. Абу Наср Фаробий ўзлаштирган тилларнинг миқдори 100 дан ортиқ бўлган ва уларнинг 10 га яқини “унутилган тиллар” қаторига кирган. Дунё табобат илмига асос солган олимлардан бири Абу Али ибн Сино араб, форс, турк, лотин, сўғд тилларида бемалол суҳбатлаша олган. Соҳибқирон Амир Темур араб, форс, мўғул, туркий тилларни ўзига яраша ўзлаштирганлиги тарихдан барчамизга маълум.

Ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва ривожланган тиллардан бири. Бу тилнинг шаклланишида Алишер Навоийнинг хизматлар беқиёс. Чунки, ўз даврида форс тилида ижод қилиши авж олган бир пайтда Навоий бобомиз туркий тилда Ҳамса ва “Муҳокаматул-луғатайн” номли асарларини битиб, туркий тилнинг ифода кўлами форсий тилдан бир неча бор устун эканлигини исботлаб беради.

Навоийнинг: “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзлари чинакам миллатсеварлик, ватанпарварлик туйғулари билан йўғрилгандир. Зеро, она тилини ҳурмат қилмаган киши нафақат ўзини, балки элини ҳурмат қилмаган бўлиб чиқади.

Тажрибаларда аёнки, кўп тил билиш – ривожланишнинг илғор қонунияти, муваффақият гарови. Аммо ўз миллий тилингни унутиш, ўзга тиллар билан чоғиштириш, қориштириш эвазига эмас! Ўзга тилларни ўрганиш орқали тараққиётга эришишни ёқлаб чиққан маърифатпарвар жадидлар ҳам бу борада эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишган. Хусусан, Абдулла Авлоний ўз қайғусини “Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига араб, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз... Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”, - деган ўтли фикрларида таъсирчан ошкор қилган. Бу фикрлар айни кунда яна ҳам долзарблашмоқда. Шунингдек, Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тил бузганга ҳеч ким индамайди” дея, хитоб урганини эслаш ўринли.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам тилимизга араб, форс, рус тиллари бир пайтлар мажбуран сингдирилган бўлса, бугунги кунга келиб тилимизга бўлган эътиборсизлигимиз, ҳурматсизлигимиз, ватанпарварлик туйғуларимизнинг етишмаслиги сабабли инглиз, рус ва бошқа тилларнинг ҳеч қийинчиликларсиз сингишига имкониятлар яратиб бермоқдамиз. Бу эса бугун мамлакатимиз кўчаларида ўзбек тилидаги ёзувлардан кўра ажнабий тиллардаги ёзувларнинг кўпайиб кетишига олиб келмоқда. Агар биз бу каби ҳолатларга ўз вақтида муноасабатимизни билдириб, чек қўйишга эришмасак, билмадим яна бир қанча вақтлардан кейин она тилимизнинг тақдири нима бўлар экан ?

Бизга тарихдан яхши маълумки, ўз вақтида жипс бўлиб бирлаша олмаган, душманга нисбатан ҳамжиҳат бўлиб кураша олмаган халқлар душманга енгилгач, бошига тушган истибдодлар олдида афсус ва надоматлар билан юм-юм йиғлашган, бой берилган эрк ва озодликни қайта тиклаш учун юз йиллар вақт кетган, кимгадир бу насиб қилган, кимгадир армонга айланиб қолган.

Мерос тушунчаси ҳақида барчамиз етарлича маълумотга эгамиз, бу аждоддан авлодга қолдириладиган моддий ёки маънавий бойлик. Она тилимиз эса асрлар силсиласидан, не-не талотўплардан бизгача етиб келган беқиёс бойликдир. Унда миллатнинг орзу-умидлари, феъл-атвори, анъана ва удумлари, қисқача қилиб айтганда, миллат қиёфаси жамланган. Демак, шу муқаддас меросни авлодларга етказишга қанчалар бурчли бўлсак, авлодларимиз бу меросга эгалик қилишга шунчалар ҳақлидирлар.

Ҳурматли юртдошлар, ўз она тилимизни кўз қорачиғимиздек асраб авайлаб, кейинги авлодларимизга етказиб берайлик, токи тилимизнинг тақдири биз юқорида айтган халқларнинг бой берилган эрки каби бўлиб қолмасин!

Б.С.Мавлянов

Жиззах вилояти ҳокимининг

маънавий-маърифий ишлар самарадорлигни ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя 

этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.