Давлат тилига эътиборлимисиз? Ҳар бир ишда давлат тили талабларига риоя этасизми? Эҳтимол, сиз ўзбек тилини компютер тилига айлантириш ҳақида ўйлаётгандирсиз? Унда ушбу танлов айнан сиз учун!
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, энг муҳими, давлат тилига оид муаммоларни ҳал қилишда илмий-амалий ёндашувни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йилда учинчи марта «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» республика танлови эълон қилинди.
Танлов тўртта йўналишда ўтказилади:
- «Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд» йўналишида маҳаллий ижро этувчи туман/шаҳар ҳокимликлари иштирок этади;
- «Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим» вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ўртасида;
- «Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа ва дастурий маҳсулотлар» йўналишида илмий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари қатнашади;
- «Ўзбек тилининг қудрати ва гўзаллигини тараннум этган энг яхши бадиий асар» йўналишида ёзувчи, шоирлар иштирок этади.
Танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича лойиҳалар жорий йилнинг 1 июлидан 1 сентябрига қадар Республика Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинади.
Шу ўринда, танловда олдинги йилларда ғолиб бўлганлар бу йил иштирок эта олмайди.
Танлов ғолиблари ариза топширган номзодлар орасидан Ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади ҳамда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни арафасида эълон қилинади.
Батафсил маълумот www.til.gov.uz сайтида ёки (71) 215-53-98, (71) 239-86-99 телефон рақамли орқали берилади.