Давлат тилига эҳтиром фақат сўзда бўлмасин

Улашиш:

        Тан олиш лозим,  она тилимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромимизни фақатгина 21 октябрь санаси олдидан билдиришга ўрганиб қолган эдик.  Республикамиз Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан эндиликда бу борада тизимли ишлар олиб борилиши, ўзбек тилини чуқур ва пухта эгаллаш айримлар фикрича, “фақатгина тилшунос ёки журналистлар учун” эмас, ҳар бир фуқаро учун дахлдор масалага айланиши кўзда тутилгани билан айни муддаодир.

         Давлат солиқ идоралари тизимида ҳам давлат тилида иш юрилишини тўла таъминлаш, ёш авлод, аҳоли орасида давлат тилига эҳтиромни ошириш ишларига ҳисса қўшиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бу борада фақатгина тарғибот тадбирлари эмас, амалий саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилгани қувонарлидир. Хусусан, ҳудудларда ҳамкор ташкилотлар билан ташқи реклама ёзувларининг адабий тил меъёрларига асосан ёзилишини ўрганиш, таълим муассасаларида “Ёш китобхон” каби танловлар, тадбирлар ўтказилиши шулар жумласидан.

         Давлат тилига ҳурмат энг аввало ўзаро суҳбатимиздан бошланади. Мана шу бўғинда якдил бўла олсак, бехато ёзиш, мулоқот жараёнларида ҳам ички маданият кўзга ташланиб туради. Давлат солиқ идораларида солиқ тўловчилар, ташикилотлар билан ёзишмалар, ички идоравий ҳужжатларни тайёрлашга юксак савия ва касбий интизом билан ёндошиш бирламчи талаб этиб қўйилган.   Хусусан, солиқ тўловчиларга юбориладиган хат ва хабарларни айнан давлат тилида ёзиш,  ўзбек тили имло қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда хато ва камчиликларга ўрин қолдирмаган ҳолда амалга оширилишига алоҳида урғу берилмоқда. Шунингдек, вилоятимиз давлат солиқ идораларига тегишли бўлган барча ташқи ёзувлар, эълонлар ва бошқа кўргазмали ахборот - реклама матнлари давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланмоқда.

 

Шоҳиста Холиқова,

Жиззах вилояти ДСБ ташкилий ишларни назорат қилиш  ва

мурожаатлар билан ишлаш бўлимининг давлат солиқ бош инспектори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.