Тил софлигини сақлаш – ҳар бир ўзбекнинг бурчи

Улашиш:

Юртимиз бўйлаб 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни тадбирлари ҳар йилгидан ўзгача жўшқинлик ва кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Жиззах вилоят Давлат солиқ тизими идораларида ҳам мазкур сана муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида қатор амалий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 

Сир эмас, бугунги кунда тил софлигини сақлаш ва уни ривожлантириш масаласида асосий эътирозлар ташқи реклама воситаларига билдирилмоқда. Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасида шу йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъекти вакиллари билан ўзбек тилининг имло қоидаларига қатъий риоя этиш, тил ривожига ҳисса қўшиш мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда давлат тилида иш юритишни ривожлантириш масаласига масъул бўлган ташкилот вакилларининг маърузалари тингланди.

- Ташқи реклама воситалари ёрқин ва йирик ҳарфларда ёзилиши билан кўзга тез ташланади ҳамда хотирада кўп вақт сақланиб қолади. Шу сабабли бу каби тарғибот ва реклама воситаларининг имло ва пунктация қоидаларига жиддий эътибор қаратилиши талаб этилади, - дейди  Жиззах давлат педагогика институти бошланғич таълим факультетининг филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шоҳида Сиддиқова.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган давра суҳбатида тадбиркорларнинг мавзуга оид фикр ва муаммолари тингланди. Пешлавҳалардаги хатоликларга асосан буюртмачиларнинг талаби билан йўл қўйилаётганини билдирдилар. Тадбирда бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун тадбиркорларнинг иш фаолиятида ўзбек тилининг имло ва изоҳли луғатидан фойдаланишлари тавсия этилди.

- Айнан ташқи реклама маҳсулотларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Жиззах вилоят филиалида ўқитиш таклифи билдирилди, - дейди   Жиззах шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Сурайё Шерқўзиева. – Шунингдек, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини номлаш масаласида Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
 

Куннинг иккинчи ярмида Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси  ходимлари ўртасида оммавий диктант ўтказилди. “Ватан туйғуси” мавзусида ўтказилган диктантда давлат солиқ хизмати ходимларининг ўзбек тилининг имло ва тиниш белгилари қоидаларини ўзлаштирганликлари  синовдан ўтказилди. Тадбирдан мақсад – ходимларнинг лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланиш кўникмасини ошириш, давлат тилида иш юритилиши бўйича натижаларни баҳолашдир.

- Давлат солиқ хизмати ходимлари ҳам солиқ тўловчилар билан доимий мулоқотда бўлишади. Бу эса муомала маданияти, ўзбек тилида мулоқот қилишнинг юксак кўникмаларини талаб этади.  Бу эса давлат тилига бўлган ҳурмат ва муносабатни кўрсатади. Ўйлаймизки, диктант натижалари бошқармада давлат тилида иш юритиш ва лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш жараёнида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб беради, — дейди Шароф Рашидов тумани халқ таълими бўлимининг она тили ва адабиёти фани бўйича услубчиси, олий тоифали ўқитувчи, тадбир эксперти Дилрабо Эргашева.

Диктант натижаларига кўра, имло, орфография ва пунктация қоидаларини энг яхши ўзлаштирган ходимлар рағбатлантирилди.  

Ўзбек тили давлатимизда асосий муомала воситаси ҳамда ўзбек халқини бошқа халқлардан ажратиб турувчи белги, десак муболаға бўлмайди. Шу сабаб она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини ошириш фақатгина мутахассислар эмас, балки ҳар бир фуқаро, ҳар бир ўзбек зиммасидаги вазифага айланиши даркор.

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ташкил этилган Ўзбек тили байрами куни тадбирларида бу мавзуга  нафақат мавсумий, балки доимий эътибор қаратиш, тилга ҳурмат ва рағбатни  ҳамиша ривожлантириб бориш зарурлиги таъкидланди. Тадбирлар вилоятимиз давлат солиқ тизимининг барча  идораларида  давом этди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.