Сурхондарёда сафдорнинг погонини юлиб, уни ҳақоратлаган майорга интизомий чора қўлланди (видео)

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Йўл патруль хизмати ходимларининг ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалди.

Билдирилишича, сафдорнинг погонини юлиб, уни ҳақорат қилган ЙПХБ командирининг хизмат бўйича ўринбосари майор Бахтиёр Избосаровга танбеҳ интизомий чораси қўлланган.

Билдирилишича, видеодаги воқеа бундан бир йил олдин, яъни 2023 йилнинг 29 август куни содир бўлган.

“Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф майдонида ЙПХ ходимлари билан ўтказилган хизматолди йўриқномаси вақтида ЙПХБ командирининг хизмат бўйича ўринбосари майор Бахтиёр Избосаровнинг 1-сафарбарлик гуруҳи инспектори сафдор Жалол Абдураҳмонов билан ўзаро тортишув ҳолати юзасидан вилоят ИИБ масъуллари томонидан ўрнатилган тартибда хизмат текшируви ўтказилганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий муносабатда.

Тармоқларда тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видеода Избосаровнинг ички ишлар сафдор хизматчисини ҳақоратлаганини кўриш мумкин. Бунга жавобан сафдор Абдураҳмонов майордан сўкинмаслигини сўраган. Шунда Избосаров келиб, Жалол Абдураҳмоновни елкаси билан итариб юборади. У ердаги бошқа ходимлар уларни ажратиб қўяди.

Майор унга гап қайтарган сафдордан “значок” ва гувоҳномасини беришини сўрайди. Сафдор ходим эса унинг погонини юлгани учун майор жавоб беришини айтади.

Видео давомида майор Избосаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасида (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) назарда тутилган ва бошқа қоидабузарликлар бўйича кунига камида 3 тадан автомобилни жарима майдончасига қўйиш кераклиги, фақат учтадан кам бўлмаслиги лозимлигини ЙПХ ходимларига уқтирган.

“Ундан зиёдини қилсаларинг, ўзларинг учун қилаверинглар, фақат 3 тадан кам бўлмаслиги керак. Шунинг ҳисобига ҳар бир инспектор бир кун давомида энг камида 6 та транспорт воситасини жарима майдончасига киритиши керак”, деган майор Избосаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЙПХ ходимларидан қоидабузарга воқеа жойининг ўзида жарима қўллаш ваколати олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.