Ўзбекистонда реновация дастури доирасида кўп қаватли уйларни қуришнинг янги тартиби жорий этилади. Президент томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб уй-жойларни бузишга фақат барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзолангандан кейингина рухсат берилади.
Нима ўзгаради?
Ҳозиргача реновация лойиҳалари бўйича уйларни бузишда барча мулкдорларнинг розилиги талаб этилмас эди. Янги қоидалар эса уй эгалари манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришни кўзда тутади. Энди ҳар бир мулкдор ўз уйини бузишга рози бўлиш ёки компенсация шартларини келишиб олиш имкониятига эга бўлади.
Мулкдорлар учун янги имкониятлар
Янги қоидаларга кўра, реновация жараёнида уй-жой мулкдорларига компенсациянинг бир нечта варианти таклиф этилади:
1️⃣ Тенг майдонли янги хонадон – бузилган уй майдонига мос келадиган, янги қурилган уйлардаги фойдаланишга тайёр хонадонлар.
2️⃣ Бозор қийматидаги тўлов – уй ва тижорат биноси бозор нархида баҳоланиб, маблағ тўлиқ тўлаб берилади.
3️⃣ Қурилиш даврида вақтинчалик турар жой харажатларини қоплаш – кўчиш жараёнида ижарага олинган уй харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
4️⃣ Бошқа келишув вариантлари – мулкдор ва реновация ташаббускори ўртасида ўзаро келишув асосида бошқа компенсация шакллари ҳам амалга оширилиши мумкин.
Реновация жараёни шаффофлашади
2025 йил 1 майдан бошлаб реновация билан боғлиқ барча жараёнлар "Шаффоф қурилиш" электрон тизими орқали онлайн режимда амалга оширилади. Бу эса мулкдорлар ва жамоатчиликка қурилиш ишларини кузатиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини осонлаштириш имконини беради.
Янги қурилган уй-жойлар учун лицензиялаш тартиби
Қурилиши тугалланган кўп қаватли уй-жойларни фойдаланишга топширишда фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат бўйича инспекция ҳамда Давлат ёнғин назорати органлари хулосаси талаб этилади. Шунингдек, қурилаётган уй-жойларни инструментал-техник кўрикдан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Янги қоидалар уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, қурилиш жараёнини шаффофлаштириш ва аҳолига қулай шарт-шароит яратишга қаратилган.