Ўзбекистон тажрибаси: "Оилавий судьялар" эр-хотин ўртасидаги низоларни кўриб чиқади

Улашиш:

2024 йил январь ойидан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда махсус судьялар корпуси оилавий низоларни ҳал қилади ва февраль ойидан бошлаб мамлакатнинг учта судида "оилавий судьялар" жорий этилади.  

Мазкур чора Президентнинг "Оилани мустаҳкамлаш ва аёллар фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Таъкидланишича, 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида илғор хорижий тажриба асосида оилавий низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган судьялар корпуси ташкил этилади.

2024 йил 1 февралдан бошлаб эса фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд судида, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Наманган ва Мирзо-Улуғбек туманлараро судларда оилавий низоларни кўриб чиқиш учун тажриба тариқасида "оилавий судьялар" жорий этилади.

Бундан ташқари, таълим ташкилотлари касаначилик ишлаб чиқариш ёки ҳунармандчилик билан шуғулланмоқчи бўлган аёлларга ёрдам бериш учун ўқув курслари иш бошлайди.

Янги йилдан бошлаб замонавий миллий кийим – кечакларни ишлаб чиқариш ва сотиш учун тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ишсиз аёлларга бинолар ва иншоотларни ижарага олишнинг дастлабки уч ойи учун БҲМнинг ўн бараваргача-3,4 миллион сўмгача бўлган тўловлар қопланади.

2024 йил 1 январдан бошлаб аёллар фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида пуллик жамоат ишлари асосида 11 ойгача иш юритувчи лавозимида ишлашлари мумкин.

Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан азият чеккан аёллар ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва иш берувчилар томонидан ажратилган меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифасига киритилади.

Шунингдек, қарорда 2030 йилга келиб бошқарув ходимлари орасида аёллар улушини 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро этувчи органлари, шу жумладан директорлар кенгашлари ва кузатув кенгашлари таркибини шакллантиришда ҳам қўлланилиши кўзда тутилган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.