Хотин-қизлар реабилитацияси марказлари – шелтерларнинг бугунги ҳолати қандай?

Улашиш:

 Жорий йилнинг 19-май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 5116-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази(шелтер) ва унинг ҳудудий бўлимларини қайта ташкил ташкил этиш белгиланди. Ушбу мақолада, қарорнинг ижроси қай даражада кетаётганлиги, шунингдек, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида нодавлат нотижорат ташкилот шаклида фаолият юритаётган “Ойдин Нур” ва “Раҳмдиллик” шелтерлари фаолияти таҳлил қилинади.

Шелтер ( инглизча shelter – “бошпана”) зўравонликка дучор бўлиш хавфида бўлган ёки зўравонликка учраган аёл-қизларни хавфсиз турар жой билан таъминлайдиган маскандир. Аммо шелтерлар турар жойдан ташқари,  зўравонликдан азият чеккан аёлларга ва уларнинг фарзандларига зўравонликдан қайта тикланишга, яъни психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамнинг кўрсатилишига, уларнинг ўзига бўлган ҳурмати ва ишончини тиклашга, ўз тақдирини мустақил ҳал қилиш ва мустақил ҳаётга қайтариш учун чоралар кўришга имкон берадиган ҳимоя, хизматлар ва ресурсларнинг муҳим жиҳатларини тақдим этадиган жойдир.

Камола Алиева

Тегишли ресурсларга эга бўлган шелтерлар зўравонликдан азият чекканларга келажакда содир бўлиши мумкин бўлган зўравонликни олдини олиш учун зарур бўлган ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатиш имкониятига эга. Шунингдек улар, аёл-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича хабардорликни ошириш учун тарғибот қилиш ва ижтимоий ўзгаришларга ҳисса қўшиши мумкин.

Ўзбекистонда шелтерлар қандай фаолият олиб бормоқда?

2018 йилнинг июнь ойида қабул қилинган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3827 га асосан, Ўзбекистонда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унга эрта барҳам бериш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказлари ташкил этилган эди.

 Аммо, мазкур марказлар фаолиятида турли камчиликлар, хусусан, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар, тажрибали мутахассислар етишмаслиги, шелтер ходимлари ва у ерда яшовчиларнинг хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаганлиги ва бошқалар кузатилганлиги туфайли, 2021 йилнинг май ойида “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5116 қабул қилинди. Қарорга асосан, Ўзбекистонда мавжуд 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар, шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказларни ташкил этилиши белгиланди.

Мазкур қарор юқорида келтирилган муаммоларга эътибор қаратилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳозирги кунга келиб ҳам ушбу марказлар ҳануз ўтиш жараёнида бўлиб, зўравонликдан жабр кўрганлар учун бу вазият турли қийинчиликлар туғдирмоқда.

Қарорга асосан, янги марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига эга бўлади. Уларнинг фаолиятига, зарур ҳолларда, юристлар, психологлар ва ижтимоий ходимлар жамоатчилик асосида жалб қилиниши мумкин.

Қарорда, марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича фаолиятига яқиндан кўмаклашиш;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш;
  • низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан профилактик тадбирларни ўтказиш;
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш;
  • долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш;
  • зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш.

Сурат манбаси: gazeta.uz

Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан эътиборан, мазкур марказларга ёрдам бериш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига уларнинг ваколат доирасидан келиб чиққан ҳолда турли вазифалар юклатилди.

Мазкур вазифалар ичида, ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширилиши белиганди. Маълумки, ўтган йилларда, тазйиқ ва зўравонлик ўтказган шахслар бундай ҳисобга олинмас эди ва мазкур масаланинг қарорда акс этиши албатта ижобий ҳолат. Шу ўринда, тазйиқ ва зўравонлик ўтказган ёки содир этишга мойиллиги бўлган шахслар билан тегишли мутахассислар шуғулланиши, улар учун алоҳида дастурлар ва методик қўлланмалар ишлаб чиқилиши кераклигига аҳамият берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган, 24 соат узлуксиз ишлайдиган «ишонч телефони»ни (республика доирасида ягона қисқа рақам) ўрнатилган тартибда йўлга қўйиши ва унинг фаолиятидан аҳолини оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиши ҳам белгиланган эди.

Аммо, ҳозирги кунда ушбу ишонч телефони ҳануз ишга туширилмаган бўлиб, зўравонликдан жабр кўрганларга ёрдам керак бўлганда, хусусан, тезкор психолог ёки психолог-суицидологларнинг кўмагига муҳтож бўлганлар қаерга мурожаат қилиши мумкинлиги борасида қийинчиликка учрамоқдалар. Зеро, зўравонликдан азият чекаётган аёлларнинг ҳаёти кўпинча ҳавф остида қолиши сир эмас. Ушбу ишонч телефонлари кўплаб зўравонлик қурбонларига ёрдам бериши мумкин бўлган воситалардан бири бўлганлиги учун, унинг тез орада ишга туширилиши муҳим саналади. Ҳозирда эса, аёллар асосан ички ишларнинг 102 қисқа рақамига мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг май ойида имзоланган қарор, орадан тўрт ой ўтган бўлса-да ижроси тўлиқ таъминлангани йўқ. Аммо, айтиш жоизки, мазкур марказлар ўтиш жараёнида бўлишига қарамасдан, зўравонлик қурбонларини қабул қилишда давом этмоқдалар. Шунингдек, қарорда марказлар учун белгиланган вазифалар ҳам кенг қамровли бўлиб, у ерда ишлаш учун жамоатчилик асосида жалб қилинаётган мутахассисларга оғирлик туғдириши ва бунинг оқибатида сифат масаласи оқсаши мумкин. Биз мазкур шелтерлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болалар учун тинч ва зўравонликсиз ҳаётга бўлган иккинчи имкониятни яратиб бериши мумкин бўлган маскан сифатида қараймиз ва юқоридаги камчиликларни тез орада ўз ечимини топишидан умидвормиз.

Давлат томонидан ташкил қилинган шелтерлардан олдин, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида нодавлат нотижорат ташкилот шаклида аёллар учун шелтер вазифасини ўтаган Буҳоро вилоятида жойлашган қадимий “Ойдин Нур”  ва Самарқандда ташкил топган “Раҳмдиллик” марказлари фаолияти билан танишиш мақсадида, муаллиф марказ раҳбарлари билан боғланди.

Раҳмдиллик шелтерининг фаолияти ҳақида гапириб берсангиз. Мазкур марказ бугунги кунда қандай тартибда ишлайди?

Бибисора Орипова, Самарқанд вилояти “Раҳмдиллик” шелтери асосчиси, раҳбари: «Раҳмдиллик» нодавлат нотижорат ташкилоти 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади вилоятлардаги аёллар, болалар ва аҳолининг заиф қатламларини ҳар тарафлама ижтимоий қўллаб қувватлашдир.

«Раҳмдиллик» жамияти оғир вазиятларда аёллар ва уларнинг фарзандларига  вақтинчалик бошпана, психологик ва тиббий кўмак хамда юридик ёрдамни киритган ҳолда мажмуавий ижтимоий ҳимоялаш хизматларини тақдим этади.  Жамият аёллар ва уларнинг болалари учун таълимий тадбирларни ҳам таклиф қилади ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари каби нохуш ҳолатдаги гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоялайди.

2012 йилдан буён шелтер оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириб келмоқда:

  • юридик ёрдам – ҳужжатларни тиклашга ёрдам бериш, юридик маслаҳат бериш, ажрим учун керакли ҳужжатларни  йиғишга ёрдам бериш, судда манфаатларни ҳимоя қилиш, ижтимоий таъминот ва нафақаларни, шу жумладан ногиронликни расмийлаштириш;
  • ижтимоий ёрдам – ижтимоий реабилитация, даволанишга юбориш, касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш (озиқ- овқат, моддий ёрдам);
  • психологик ёрдам – диагностика, инқироз менежменти, ўзига бўлган ишончни ошириш, шахсий муносабатлар устида ишлаш бўйича тренинглар;
  • вақтинчалик бошпана (шелтер) билан таъминлаш.

Бизнинг шелтерда ишлайдиганлар молиявий манфаатни кўзламасдан, кўнгилли равишда, виждонан  ишлайди. Чет эл шелтерларида ишлайдиганлар ойлик олиши мумкин, аммо бизда бундай эмас.   Лекин, шунга қарамасдан, бизнинг шелтерда ишлайдиган психолог, юрист ва бошқа мутахассисларимиз сидқидилдан, виждонан, эртаю кеч зўравонлик қурбонларига беғараз ёрдам бериш учун меҳнатларини аямайдилар. Бундай инсонларимиз кўпайсин.

Суратда: «Раҳмдиллик» нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари, Facebook ижтимоий тармоғидан олинди.  

Мамлакатимизда шелтерлар фаолиятини кучайтириш ва уларни самарали ишлашини ташкил қилиш учун қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?

Бибисора Орипова: Биласизми, бу саволга жавоб беришим қийин. Сабаби, ҳар биримизда камчиликлар бор, уларнинг ечими тизимли ёндашув ва сабрни талаб этади. Менимча, ўз ташаббуси билан, кўнгилли равишда бошланган ҳар қандай иш яхши самара беради. Биз шелтерни аёлларга ҳар тарафлама ёрдам бериш учун очганмиз, уни ривожлантириш, аёллар ва болаларга қандай қилиб кўпроқ қулайлик яратиш мумкинлиги ҳақида кечаю кундуз ўйлаб, жонимизни бериб ишлаганмиз. Натижада, ҳозирги кунда шелтердан кетган, жамиятда ўз ўрнини топиб кетган аёллар бизга ёрдам берадиган бўлишди. Бу жуда қувонарли ҳолат. 

Фикримча, аёллар билан ишлаш учун, аввало, аёлни яхши кўриш, уни ҳурмат қилиш керак деб ўйлайман. Бизнинг жамиятда, афсуски, аёл аёлни айблаши ҳолатлари жуда кўп. Шелтерда ишлайдиганлар мана шу масалага аҳамият бериши керак. Чунки, ўзи турмушидан қийналган, туртклинаган, азобланган, руҳияти синган аёлларга ёрдам бериш ва далда бўлиш ўрнига, уни ўзини ушбу муаммоларга масъул ва айбдор қилинса, оқибати жуда ачинарли бўлиши мумкин. Буни нафақат шелтерда ишлайдиганлар, балки, ички ишлар идоралари ходимлари ҳам англаши керак деб ҳисоблайман.

Айтиш керакки, шелтер фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳамкорликда ишлаш жуда муҳим. Биз 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида асосан тиббиёт ходимлари бўлган ташаббускорлар ёрдамида Олий Мажлис, олдинги Хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар, вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишладик. Шунингдек бизга БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ёрдамга келади. Улар ташкилотимизда вақтинча паноҳ топган аёллар ва уларнинг фарзандларини пандемия пайтида мунтазам равишда озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаб туришди. Болалардан ташқари муҳтож аёлларнинг уйларига ҳам бориб, уларга ҳам моддий-маънавий ёрдам бердик. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли ҳам, бироз бўлса-да ўзининг ёрдамини беришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда гендер тенглиги ва оилавий зўравонликка қарши кураш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан жуда ҳурсандман. Биз шелтеримизни очганимизда, мамлакатимизда ҳали гендер тенглиги ҳақида гапирилмасди, оилавий зўравонлик муаммоси эса умуман йўқ деб ҳисобланган. Умид қиламанки, мазкур амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини беради.

Муаллиф мазкур саволлар билан Бухоро вилоятида жойлашган энг қадимий шелтерлардан бўлган “Ойдин Нур” раҳбарига ҳам мурожаат қилди.

Бухоро вилояти оилани ижтимоий ҳимоя қилиш маркази “Ойдин Нур” нинг фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз. Мазкур марказ бугунги кунда қандай тартибда ишлайди?

Шахноза Ихтиярова, Бухоро вилояти “Ойдин Нур” шелтери раҳбари:

“Ойдин Нур” оилани ижтимоий ҳимоя қилиш марказимиз 1999 йилда ўз фаолиятини бошланган. Ташаббускор гуруҳ сифатида Бухоро вилоят олий ўқув юртларининг ўқитувчилари гуруҳи бўлган. 2007 йилда Марказ ҳузурида шелтер ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилотнинг вазифаларига эркаклар ва аёлларга тенг ҳуқуқлилик ғояларини тарғиб қилиш ва оилавий зўравонликка қарши кураш жараёнида аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш киради. Бизнинг шелтерга оғир вазиятда қолган, оилавий зўравонликка учраган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёллар ва болалар қабул қилинадилар. “Ойдин Нур” маркази муҳтож аёлларга психологик, ҳуқуқий ва тиббий маслаҳатлар беради, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради ва яшаш учун вақтинчалик уй-жой (шелтер) ҳам беради. Шелтер 20 хонадан иборат бўлган эски уйда жойлашган. Уй ҳар бири 8 хонадан ташкил топган 2 та корпусдан иборат бўлиб, унда оҳир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар ва уларнинг фарзандлари учун вақтинча яшаш учун турар жой сифатида жиҳозланган. Ҳар бир корпус ошхона, ҳаммом ва санузел билан жиҳозланган.

Шунингдек, шелтеримизда тунги қўриқчилар учун хона, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун хона ва шелтерда яшовчи аёллар учун тикиш-бичишга ўргатиш учун тикув машиналари билан жиҳозланган хона ҳам мавжуд.

 Шелтеримизда қуйидаги мутахассислар хизмат кўрсатади: координатор, ижтимоий ишчи, психолон, офис менеджер. Агар керак бўлса, юристнинг маслаҳатлари ҳам ташкил этилади. Шунингдек, тунги сменлар ташкил этилган бўлиб, уларда 2 та мутахассислар навбат билан ишлашади.

Бизнинг марказимизда, вояга етмаган болалари бўлган аёл 4 ойгача яшаши мумкин. Бир вақтнинг ўзида шелтерда 30 та аёл ва уларнинг болалари истиқомат қилиши мумкин. Бу ерда аёллар ва болаларга яшаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар озиқ-овқат, гигиена воситалари ва зарурат туғилганда дори-дармонлар билан ҳам таъминланади. Улар учун ижтимоий ишчи, психолог ва юристнинг маслаҳатлар ташкил қилинади. Агар зарурат бўлса, улар шелтерга хизмат кўрсатадиган ҳудудий поликлиникада тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, заруратга қараб, аёллар ва уларнинг болалари учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ёрдамида шаҳар касалхоналарига бепул ётқизиш ҳақида ордер ҳам расмийлаштирилади.

 Шелтерда яшовчи аёлларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун марказимиз давлат органлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Масалан, булар қаторига вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва меҳнат, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вояга етмаганлар учун комиссиялар ва бошқалар киради. Биз ушбу идоралардан ўз вазифаларини бажаришни қатъий равишда талаб ҳам қилиб келамиз. Ушбу идоралар билан ўзаро муносабатлар натижасида, шелтер томонидан аёлларга соғлиғини тиклашга, иш топишга, керакли касб-хунарни (тикувчилик, пишириқ тайёрлаш, сартарошлик ва ҳ.к.) ўзлаштиришга, уй-жой учун ариза беришга, болаларни мактаб ёки боғчаларга жойлаштиришга ёрдам берилади. Бундан ташқари биз, маҳалла, аёлнинг қариндош  ва яқинлари билан ҳам мулоқот қилишга ҳаракат қиламиз.  

Агар аёл эрининг олдига қайтолмаса, шелтеримиз юристи ўша аёлнинг эрини судга бериш ёки ажрашиш учун ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам беради. Марказда яшовчи аёллар бир-бирлари билан фаол мулоқот қиладилар, улар муаммолари ҳақида суҳбатлашадилар, бир-бирларига маслаҳат бериб, ёрдамлашадилар. Бу ерда дўстона муҳит яратиш учун барча байрамлар ва туғилган кунлар ҳамма билан биргаликда нишонланади. Шундай қилиш оилавий муҳит яратилади. Яшаш учун яратилган шарт-шароитлар, мутахассис маслаҳатлари, давлат идоралари кўмаги, аёлларнинг бир-бири билан ўзаро алоқаси кабиларнинг барчаси зўравонлик қурбони бўлган аёлларни инқирозли вазиятдан чиқишига ёрдам беради.  Шелтернинг бугунги кунгача бўлган фаолияти давомида 900 дан ортиқ аёллар ва болалар ундан бошпана топдилар.

Суратда: БМТнинг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер хоним, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили жаноб Мунир Маммадзе, БМТнинг Аҳолини тадқиқ қилиш жамғармаси (UNFPA) ваколатхонаси менежери ўринбосари Камолхон Имонхўжаев, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори ва Стратегик ривожланиш гуруҳи раҳбари Сайман Хакер Бухоро вилоятидаги “Ойдин Нур” оила ижтимоий ҳимояси марказига ташриф чоғида, Facebook ижтимоий тармоғидан олинди.

Мамлакатимизда шелтерлар фаолиятини кучайтириш ва уларни самарали ишлашини ташкил этиш учун қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?

Шахноза Ихтиярова: 2019 йилда Ўзбекистонда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизлар учун 197 та реабилитация марказлари очилган эди. Аммо ушбу марказларда молиялаштириш, мутахассислар масаласи муаммо бўлганлиги туфайли, уларнинг ўрнига Маҳалла ва оилани қўлаб қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика ва вилоят реабилитация марказлари ташкил қилинди. Шу нуқтаи назардан, янги ташкил қилинган шелтерларда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биринчи навбатда, шелтерлар фаолиятини самарадорлигини таъминлайдиган критерий сифатида у ерда фаолият юритадиган ходимларни айтса бўлади. Ушбу жойда ишлайдиган ходимлар, аввало, зўравонликка учраган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёллар ва болаларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликлари даркор. Шунингдек, мазкур реабилитация марказларини назорат қилувчи тузилма ходимларини ўқитиш керак. Ушбу тренинглар нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзолари томонидан ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Бундан ташқари, мазкур шелтерларнинг фаолиятини тартибга солиш қоидаларини ўз ичига олган низомни қабул қилиш керак. Асосийси, бу шелтерлар фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокида мунтазам равишда мониторинг қилиб туриш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман. Биз, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида аёллар ва болаларга ижтимоий муҳофаза кўрсатиб келаётган ташкилот сифатида, ўзимизнинг тажрибадан келиб чиқиб, янги ташкил қилинган шелтерлар билан ҳамкорликда ишаш ва тажриба алмашиш уларнинг фаолиятига фойда беради деган фикрдамиз.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, уларга ҳар тарафлама ёрдам бериш давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг кун тартибида туриши керак бўлган муҳим масалалардан биридир. Ҳар бир инсон, ўз қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларининг камситилишидан ва зўравоникдан ҳоли ҳаётда яшашга ҳақлидир. Шу нуқтаи назардан, давлат томонидан ташкил қилинган марказлар ва ННТ шаклида фаолият юритиб келаётган шелтерлар ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш йўналишида фаолият юритишлари керак.

Камола Алиева – гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис,

Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.