Сурхондарёда ёз ҳар йили аввалгидан иссиқроқ бўлаётгандек. Баҳорда ер намдек кўринади, аммо июнга бориб каналлардаги сув камаяди. Фермерлар далага чиқиб, осмон ва сув тақсимотига қараб мавсум тақдирини ҳисоблайди. Қишлоқ хўжалиги эса ҳанузгача мамлакат сув ресурсларининг 90 фоиздан ортиғини қамраб олмоқда.
Сув, Ўзбекистон учун шунчаки ресурс эмас. Бу иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва миллионлаб аҳолининг даромади билан бевосита боғлиқ масала сифатида алоҳида эътиборга олинади. Шу сабабли сўнгги йилларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Аммо бу ислоҳотлар реал самарани бермоқдами ёки тизим ичидаги муаммолар сувни тежовчи технологияларни жорий қилишни секинлаштиряптими?
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича ривожланган хорижий давлатларнинг, жумладан, Туркия, Хитой, Австралия, АҚШ ва бошқа давлатларнинг илғор тажрибаларини жойларга бориб ўрганган ҳолда республикамизда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет каби усулларда суғориш, шунингдек, ерларни лазер ускунали ер текислагичлар билан текислаш технологияларини жорий қилишни устувор вазифа сифатида танлаб олинган.
2018 йилгача республика бўйича сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, 2022-йилга келиб, бу кўрсаткич 1 млн гектарга етган.

2022 йилда республика бўйича жами 398,4 минг гектарда томчилатиб, 31,0 минг гектарда ёмғирлатиб, 16,3 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 451,9 минг гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланган.
Шу билан бирга, 73,0 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 36,0 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш ишлари амалга оширилган.
Ушбу технологиялар жорий қилинган майдонларда сувни 40–50 фоизга, минерал ўғитларни 25–30 фоизга, ёқилғи-мойлаш материалларини 30–35 фоизга, иш ҳақини 25 фоизга камайтириш, шунингдек, ҳосилдорликни, жумладан пахтачиликда 30 фоизгача ошириш имконини берган.
Тўрткўл туманидаги “Қўшназар Пахтакор” фермер хўжалиги 2022 йилда 10,6 га пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали 81 тс ҳосил олган.
Касби туманидаги “Эргаш бобо Бекбодов” фермер хўжалиги эса 22 га пахта майдонидан ушбу технология орқали биринчи теримнинг ўзида 50 ц ҳосил олишга эришган.
Сайхунобод туманидаги “Шомирзабой” фермер хўжалиги 2020–2021 йиллар давомида жами 100 га пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиб, ҳосилдорликни 25 тс-дан 35 тс-га оширишга эришган бўлса, Каттақўрғон туманидаги “Дил Алишер” фермер хўжалиги томонидан 2021 йилда 14 га пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали биринчи йилда 44 тс, жорий йилда эса 61 ц ҳосил олишга эришган.

Давлат томонидан бу лойиҳа қандай қўллаб-қувватланди?
2019 йилдан бошлаб давлат сувни тежайдиган технологияларни молиявий рағбатлантириш механизмини йўлга қўйди. Томчилатиб суғориш учун 12 млн сўмгача субсидия, ёмғирлатиб суғориш учун 9 млн сўм, дискрет тизим учун 4 млн сўм ажратилмоқда.
Ер солиғидан 5 йилга озод қилиш, кредит муддатини узайтириш, кредит фоизининг бир қисмини қоплаш каби имтиёзлар ҳам жорий этилган.
2019–2022 йилларда юзлаб миллиард сўм субсидия ажратилди. Фақат 2021 йилнинг ўзида томчилатиб суғориш учун 754,4 миллиард сўм ажратилган.
Аммо ўрганишлар натижасида айрим майдонларда технологиядан фойдаланилмагани аниқланиб, 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилган.
Демак, масала нафақат молиялаштиришда, балки назорат ва ижро механизмларида ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукмати томонидан мавжуд сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш юзасидан тизимли чоралар кўрилишга қартилган бир қанча қарорлар ва фармонлар эълон қилинди.
2019 йилга қадар сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларга ҳеч қандай имтиёзлар берилмаган бўлса, 2019 йилдан бошлаб республикамизда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим – субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилди.
Бугунги кунга қадар ушбу йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та (ПҚ-4087, ПҚ-4099, ПҚ-4919, ПҚ-144, ПҚ-107-сон) қарорлари қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик яратиш мақсадида йилдан-йилга такомиллаштириб борилди.
Мисол учун, бугунги кунда сувни тежовчи технологияларни жорий қилган тадбиркорларга давлат томонидан қуйидаги имтиёзлар қўлланилмоқда.
- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган пахта майдонлари учун 12 млн сўмгача, ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилган майдонларга 9 млн сўмгача, дискретли суғориш жорий қилинган майдонларга 4 млн сўмгача субсидия ажратиб берилмоқда.
- Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларга 10 гектардан кам бўлмаган, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган пахта ва бошоқли дон экин майдонларида қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналаридан фойдаланилса, сотиб олиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 100 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори ҳамда кўчма генераторлар ускуналарини сотиб олиш харажатларининг 30 фоизигача, бироқ 30 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратиш тизими жорий қилинди.
- Солиқ кодексининг 367-моддасига асосан томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ер майдонлари 5 йил муддатга ер солиғидан озод этилган.
- Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмаслиги, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига эса фақатгина ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилиши белгиланган.
- Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди ҳамда мазкур мақсадлар учун аввал берилган кредитлар ҳам ушбу муддатга қайта расмийлаштирилмоқда.
- Технологияни жорий қилиш мақсадида олинган тижорат банк кредитларининг 7 фоизли пункти тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тўлаб берилади.
- Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларга сув ҳисоблагич қўйилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз қўлланилади.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2019 йилда 137,9 млрд сўм, 2020 йилда 251,6 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган бўлса, 2021 йилдан бошлаб давлат буджетидан субсидиялар ажратиш миқдори технологиянинг сифат кўрсаткичидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартиби белгиланди ва 2021 йилнинг ўзида 899,4 млрд сўм, 2022 йилда 175,7 млрд сўм субсидия ажратиб берилган.
Субсидия маблағларидан фойдаланилиш ўз самарасини бердими?
Республикада 2021 йилда 93,9 минг гектар пахта майдонларида жорий қилинган томчилатиб суғориш технологияси учун Давлат буджетидан белгиланган тартибда 754,4 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Ўрганиш давомида технологиядан фойдаланмаган ҳолатлари аниқланганда, ажратилган субсидиядан 50,48 млрд сўм (6,4 минг гектар учун) белгиланган тартибда Давлат буджетига қайтарилган.
Бу эса, ўз навбатида, 6 400 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан фойдаланилмасдан қолишига сабаб бўлган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида “Алламуратов Женис” фермер хўжалигининг 20 га, Фарғона вилоятида “Қайрағоч ҳосилдор” фермер хўжалигининг 20 га, Тошкент вилоятида “Ҳайдарқулов Улуғбек” фермер хўжалигининг 25 га, Самарқанд вилоятида “Қўчқор Маҳкамаов” фермер хўжалигининг 14 га, Хоразм вилоятида “Рашид Нурметов” фермер хўжалигининг 15,5 га, Бухоро вилоятида “Лазиз жўра” фермер хўжалигининг 20 га майдонида мазкур технологиядан фойдаланилмаган.
2022 йилда 17,2 минг гектар пахта майдонлари учун Давлат буджетидан 71,3 млрд сўм (50 фоиз) субсидия маблағлари ажратиб берилган. Бироқ, тегишли ташкилотлар томонидан субсидия маблағларини ажратиш ҳолатлари бўйича назорат тизимининг (1 йилда 2–3 марта) ҳаддан зиёд ошириб юборилиши натижасида, субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан талабгорга хулоса бериш ишлари асоссиз кечиктирилишига ёки умуман хулоса бермасликка сабаб бўлиши билан бир қаторда, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш истагини билдирган ташаббускорларда Давлат томонидан берилаётган имтиёзларга ишончсизлик пайдо бўлган.
2021 йилда ажратилган субсидия маблағлари бўйича тегишли ташкилотлар томонидан 2 йил давомида ўрганиш олиб борилганлиги сабабли, ўтган йилда 2021 йилга нисбатан ўртача 5 баробар кам майдонга субсидия маблағлари ажратилган.
2022 йилда 53,3 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса-да, туман ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан 17,2 минг гектар (32 фоиз) майдон учун хулоса берилган ва субсидия маблағлари ажратилган.
Тошкент вилояти Бекобод туманида фаолият юритувчи, исмини ошкор этишни истамаган фермер томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишда жиддий молиявий йўқотишга учраганини айтади. Унинг дала майдони оқар сув чиқиши қийин бўлган ҳудудда жойлашган.
Фермернинг сўзларига кўра, у 2023 йил апрел ойида путрадчи МЧЖ билан 40 гектар ерга сув тежовчи технология ўрнатиш бўйича 1 миллиард сўмлик шартнома тузган. Пудратчи 500 миллион сўм маблағни олган, бироқ атиги 18,5 гектар майдонга чала тарзда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиб берган.
“Шартномага кўра, тизим бир ой ичида тўлиқ ишга туширилиши керак эди. Аммо улар ишни чўзиб, фақат 1 август куни ишга тушириб берди. Орадан бир ҳафта ўтмай тизим ишламай қолди — босим бўлмади, сув етиб бормади. Бир неча бор қўнғироқ қилдик, келиб тузатиб беришларини сўрадик. ъХўпъ дейишди, лекин келишмади. Ваҳоланки, шартномада бир йил давомида техник хизмат кўрсатиш белгиланган эди”, — дейди фермер.
Унинг таъкидлашича, пудратчи ташкилот ҳатто қурилмани топшириш далолатномасига ҳам имзо қўймаган. Фермер туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассисларини чақириб, тизим ишламаётганини расмий равишда кўрсатган, шунингдек туман ва вилоят ҳокимлигига ҳамда прокуратурага бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ у ҳозирча амалий натижа бўлмаганини айтади.
Айни пайтда у банкдан олинган кредитни тўлашга мажбур бўлаётганини билдиради. “Томчилатиб суғориш кампаниясида куйиб қолган фақат мен эмасман”, — дейди у.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолиши шарти билан анҳор.узга гапирган фермерлардан бири вазиятни шундай тасвирлайди.
“Масалан, битта фермерга 20 гектар ерга 500 миллион сўмлик томчилатиб суғориш тизими ўрнатиб берамиз, дейишди. Ҳар гектарига 25 миллион сўмдан. Кредит олиш учун банкка ўзим кафиллик қиламан, хоҳламасанг ўзинг гаров қўйиб олавер, дейишди. Биз рози бўлмасак, ҳокимият вакиллари ъПрезидент қарори бор, барибир қиласанъ деб босим қилганини айтишди. Натижада мажбуран шартнома тузиб, ҳар гектарига 25 миллион сўмдан кредит олдик. Ускуналарни олиб келишди, лекин ўрнатиб, ишга тушириб бермади. Энди эса ишламаган ускунанинг ҳам кредитини, ҳам фоизини тўлашга мажбур бўляпмиз”.
“Тезкор ўтасан, бўлмаса ер масаласи кўрилади” — Деновдаги фермерлар нима дейди?
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фаолият юритаётган айрим фермерлар сув тежовчи технологияларни жорий этиш жараёни кўнгилли эмас, маъмурий босим остида кечаётганини айтмоқда.
Исми очиқланмаслик шарти билан суҳбатлашган фермерлардан бири шундай дейди:
“Бизни ички ишлар бўлимига чақиришди. Тезкорлик билан томчилатиб суғориш технологиясига ўтасан, дейишди. Бўлмаса ерингни ҳам олиб қўйишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди.”
Фермернинг айтишича, технологияни жорий этишнинг ўзи муаммо эмас. Муаммо, жараённинг мажбурий тус олганида.
“Томчилатиб суғориш кераклигини тушунамиз. Лекин кредит олиш, ускунани ўрнатиш, тизимни ишга тушириш – ҳаммаси маблағ ва вақт талаб қилади. Шароитни ҳисобга олмасдан босим қилиш тўғрими?”
Яна бир Деновлик фермер эса ер ажратиш ва мақбуллаштириш жараёнлари билан боғлиқ хавотирини яширмади:
“Технологияни ўрнатишга тайёрмиз. Лекин электр барқарор эмас, сув босими етарли эмас. Шундай шароитда мажбур қилиш — хавфли. Чунки кредит оламиз, кейин тизим ишламаса қарз билан қоламиз. Давлатдан субсидия олиш ҳам қийин жараён.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилишдаги фермерлар қандай муаммоларга дуч келинмоқда?
1.Бугунги кунга қадар республикамизда 398,4 минг гектар майдонда (221,9 минг гектар пахта майдонларида) томчилатиб, 31 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган бўлса, ҳозирда 37,1 минг гектар (17 фоиз) пахта майдонларида технология яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли анъанавий усул билан суғорилмоқда. Бунда, сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, экин майдонларини анъанавий усулда суғорган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга фойдаланилган сув учун тўловлар табақалаштирилмаганлиги сабаб бўлмоқда.
- Сув тежовчи технологияларни жорий қилишдан фермер хўжаликларининг манфаатдорлиги пастлигича қолмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуд учун режа-топшириқ ўрнатиш, жараённи ҳокимлар орқали назорат қилиш, кўрсаткичларга иқтисодий самарадорлик билан эмас, балки бюрократия воситалари орқали эришилмоқда.
- Тижорат банклари томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун кредит фоиз ставкалари юқори ҳамда кредит маблағлари ажратиш механизми мураккаблигича қолмоқда. Бунда сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи талабгорлардан ортиқча ҳужжатлар (гувоҳнома, баланс, низом, кафиллик берувчи ташкилотнинг йиғилиш баёни, аудит хулосаси ва ҳ.к.) талаб қилиниши.
- Давлат бюджетидан ажратилаётган субсидия маблағларининг самарадорлиги паст. Бунда ажратилаётган субсидия маблағлари деярли кредит маблағларининг фоизларини қоплашга йўналтирилмоқда. Бу эса, ўз ўрнида, талабгорларнинг иқтисодий самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
- Давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига тегишли органлар томонидан назорат механизмининг юқорилиги. Бунда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, субсидия маблағларини олган талабгорлар суғориш мавсуми якунлангандан сўнг ҳам мониторинг қилиниб, субсидия маблағларини қайтариш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибига ишончсизликни келтириб чиқармоқда.
- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларининг пастлиги қолмоқда. Бу эса натижа самардорлигини камайишига олиб келмоқда.
- Сув тежовчи технологияларни жорий қилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг фақатгина молиявий ҳолати инобатга олинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликларининг инфратузилмасини (электр ва сув таъминоти) инобатга олмай, тарқоқ ҳолда технология жорий этилиб нархининг ортиши ҳамда суғориш мавсумида кафолатли сув билан таъминланмаслигига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар бу муаммога қандай ечим таклиф қилишмоқда?
1. Сув тежовчи технологияларни жорий қилишга фермер хўжаликларининг манфаатдорлигини ошириш, бунда ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали юқори ҳосилдорликка эришган ҳамда давлат томонидан берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда иқтисодий самарадорликка эришган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш механизмини ишлаб чиқиш.
2. Сув тежовчи технологияларни жорий этувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга тижорат банклари томонидан 0 фоиз ставкасида кредит маблағларини ажратиш ҳамда улар учун алоҳида кредит сиёсатини ишлаб чиқиш. Бунда асосий эътиборни фермер хўжаликлари ва таъминотчи корхоналар ўртасида расмийлаштириладиган пудрат шартномалари ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилиш-монтаж ишлари муддатларига қаратиш зарур.
3. Давлат буджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари миқдорини ошириш ҳамда келгусида технологиядан фойдаланиб самарадорликка эришган талабгорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш механизмини ишлаб чиқиш.
4. Давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари фаолиятига соҳа мутахассислари иштирокисиз тегишли органлар томонидан назорат қилинишига чек қўйиш. Бунда ҳудудларнинг суғориш мавсумига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан технологиядан фойдаланиш ҳолатини фақатгина суғориш мавсумида мониторингини юритиш лозим.
5. Cув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари ва ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш ишларига халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этган ҳолда илғор хорижий давлатларда (Туркия, Исроил ва Хитой давлатлари) ўқитиш ишларини ташкил этиш.
6. Cув тежовчи технологияларни жорий этишда талабгорларнинг биринчи навбатда молиявий ҳолатини эмас, балки “бир канал – бир тизим” тамойили асосида яхлит ҳудудлар танланиб, тизимли-гидрографик тамойил асосида жорий қилишни амалга ошириш.
Аброр Курбонмуратов
журналист