Сўнгги йилларда Ўзбекистон жанубида, хусусан Сурхондарё вилоятида деҳқончилик билан шуғулланаётган фермерлар учун анъанавий хўжалик юритиш усуллари тобора самарасиз бўлиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, суғориш сувининг камайиши, чанг-тўзонлар частотасининг ортиши ва қишлоқ хўжалиги бозоридаги беқарорлик кўплаб майда ва ўрта фермерларни мажбурий танлов олдида қолдирди: эски усулларни давом эттириш ёки тирикчиликни сақлаб қолиш учун янги ёндашувларга ўтишга сабаб бўлмоқда.
Бу жараён фақат маҳаллий муаммо эмас. Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсири тобора чуқурлашиб борар экан, халқаро ташкилотлар ҳам ушбу хавфларни юмшатишга қаратилган дастурларни ишга туширмоқда. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Марказий Осиё давлатларининг экология ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги миллий регуляторлари билан ҳамкорликда минтақавий ва миллий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ушбу ташаббусларнинг донори Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) ҳисобланади.
Мазкур дастур доирасида жами еттита лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг учтаси барча Марказий Осиё давлатларини қамраб олувчи минтақавий ташаббуслар, тўрттаси эса ҳар бир мамлакат учун алоҳида мўлжалланган миллий лойиҳалардир. Лойиҳа пакетининг асосий мақсади — иқлим ўзгаришига мослашув чораларини кучайтириш, ер ва сув ресурсларидан барқарор фойдаланишни таъминлаш ҳамда қишлоқ аҳолиси, айниқса фермерларнинг иқтисодий заифлигини камайтиришдан иборат.
Ўзбекистонда ушбу доирада тўртта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Улар қишлоқ хўжалигини иқлим хавфларига мослаштириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, деградатсияга учраган ерларни тиклаш ва фермерларнинг билим ҳамда технологияларга кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Расмий ҳужжатларда бу лойиҳалар “барқарор ривожланиш” ва “мослашув” тушунчалари билан изоҳланади, бироқ дала шароитида улар кўпинча фермерлар учун омон қолиш масаласига айланмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатадики, халқаро лойиҳалар мавжуд бўлишига қарамай, иқлим босими остида қолган фермерлар кўпинча қарорларни якка тартибда, чекланган ресурслар ва етарли маслаҳат ёрдамисиз қабул қилмоқда. Натижада мослашув жараёни тизимли эмас, балки парчаланиб, индивидуал тажрибаларга таянган ҳолда кечмоқда.
Амударё, Зарафшон ва Панж ҳавзаларида сув ресурсларини интегратсиялашган ҳолда бошқариш (5,84 млн доллар) — мониторингни модернизатсия қилиш, экологик оқимларни сақлаш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Сирдарё ва Норин ҳавзалари сув ресурсларини бошқариш (5 млн доллар) — сув тақсимоти самарадорлигини ошириш ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш.
Экотизим хизматлари ва биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш (5,6 миллион доллар) — деградатсияга учраган ерларни тиклаш, агроэкологик ёндашувларни илгари суриш, ноёб турлар ва агробиохилма-хилликни сақлаш.
Ер деградациясини камайтириш бўйича минтақавий ташаббус (2 миллион доллар) — заиф экотизимлардаги ерларни тиклаш, барқарор амалиётларни жорий этиш ва маҳаллий жамоаларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш.
Еттита ҳудудий ва миллий лойиҳанинг умумий бюджети 26 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Минтақавий лойиҳалар Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Панж ва Норин дарёлари ҳавзаларини, шунингдек, катта антропоген ва иқлим босимини бошдан кечираётган чўл, дашт, тоғ ва яйлов ҳудудларини қамраб олади.
ФАО раисининг Ўзбекистондаги ўринбосари Шерзод Умаров таъкидлаганидек, минтақа ерларининг деярли ярми аллақачон деградатсияга учраган, йиллик иқтисодий зарар 6 миллиард долларга баҳоланмоқда ва биохилма-хиллик йилига 5 фоизга камаймоқда. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ердан фойдаланишнинг беқарор усуллари қўшимча босим ўтказмоқда.
ФАО тақдимоти.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ФАОнинг Ўзбекистондаги асосий стратегик ҳамкори бўлади. Бироқ, дастурнинг кенг қамровлилигини ҳисобга олган ҳолда, бошқа идоралар: Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Орол денгизи ҳавзасида ўртача кўп йиллик сув оқими 116 млрд м³ бўлиб, унинг 67,4 фоизи Амударё, 32,6 фоизи Сирдарё ҳавзасида шаклланади. Ўзбекистоннинг ўртача кўп йиллик сув олиш лимити 64 млрд м³ бўлса-да, сўнгги йилларда амалда фойдаланилаётган сув 51–53 млрд м³ атрофида, яъни лимитга нисбатан қарийб 20 фоизга қисқарган.
“Отамдан қолган усулда экин экиб келардик: пахта, буғдой, баъзан сабзавот. Олдин сув етарди, ҳосил ҳам ёмон бўлмасди”, — дейди Термиз туманидаги фермерлардан бири. Унинг айтишича, охирги уч-тўрт йилда вазият кескин ўзгарган: сув навбати қисқарган, суғориш оралиғи узайган, тупроқ эса тобора қуруқлашган.
Сўнгги 10 йилда иқтисодиёт бўйича ўртача йилига 51,9 млрд м³ сув ишлатилган. Шундан 46,8 млрд м³ (90 фоиз) қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Демак, сув танқислиги энг аввало фермер хўжаликлари ва суғориладиган майдонларда ҳосил барқарорлигига зарба беради.
Мутахассислар бу жараённи минтақавий иқлим ўзгариши билан боғлайди. Чанг бўронлари сонининг кўпайиши нафақат ҳосилга, балки фермерларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Натижада анъанавий, кўп сув талаб қиладиган экинлар фермер учун тобора хавфли сармояга айланмоқда.
Мажбурий мослашув: янги экинлар ва янги ёндашувлар
Кўплаб фермерлар мослашувни экин турларини ўзгартиришдан бошламоқда. Масалан, айрим хўжаликлар пахта ёки шолининг бир қисмини писта, зиғир, ловия ёки доривор ўсимликлар билан алмаштирмоқда. Бу экинлар камроқ сув талаб қилади ва бозорда нисбатан барқарор нархга эга.
Сурхондарё вилоятида 2013 йилда жами 4,32 млрд м³ сув ишлатилган бўлса, 2022 йилда 3,6 млрд м³ га тушган (−16,7%). Қишлоқ хўжалигида ҳам сув сарфи 4,18 млрд м³ дан 3,45 млрд м³ гача камайган (−17,5%). Сўнгги йилларда талабга нисбатан сув таъминоти айрим йилларда 68–84% атрофида қолган.
Бошқалар эса суғориш технологиясини ўзгартиришга уринмоқда. Томчилатиб суғориш тизими сувни тежашда самарали бўлса-да, унинг бошланғич нархи кўпчилик фермерлар учун қиммат. Шунга қарамай, айримлар кредит ёки қарз ҳисобига бўлса ҳам, бу тизимни жорий этишга мажбур бўлмоқда.
“Аввалига қўрқдим — қарз олиб техника қўйдим. Лекин ҳозир сув кам кетади, ҳосил барқарорроқ”, — дейди Шерободлик ёш фермер. У томчилатиб суғориш туфайли сув сарфини деярли ярмига қисқартирганини айтади.
Ижтимоий босим ва билим етишмаслиги
Мослашув жараёни фақат техник ёки иқтисодий масала эмас. Қишлоқларда “оталар усули”дан воз кечиш ижтимоий босим билан ҳам кечади. Янги экин ёки янги технологияни танлаган фермерлар кўпинча қўшниларнинг шубҳали қарашларига дуч келади.
Бундан ташқари, билим ва маслаҳатга бўлган эҳтиёж катта. Агрономлар, мустақил консултантлар ёки илмий тавсиялар қишлоқларгача етиб бормайди. Кўп фермерлар қарорларни тажриба йўли билан, хатолар эвазига қабул қилмоқда.
Бугунги шароитда фермерлар учун мослашув танлов эмас, балки заруратга айланиб бормоқда. Кимдир экин турини ўзгартирмоқда, кимдир сувни тежашга ўтмоқда, бошқалар эса бутунлай бошқа фаолият — чорвачилик ёки кичик савдога йўналмоқда.
Бу жараён қишлоқ хўжалигида жим, аммо чуқур ўзгариш кечаётганини кўрсатади. Фермерлар давлат сиёсати ёки йирик стратегияларни кутмасдан, ўз имконияти доирасида мослашишга уринмоқда. Савол шундаки, бу индивидуал мослашувлар тизимли қўллаб-қувватловсиз қанча давом эта олади?
Ер ва сув ўртасидаги бу курашда фермерлар нафақат ҳосил, балки келажак учун ҳам курашмоқда.
Аброр Курбонмуратов