Чанг бўронлари тез-тез кузатилиши сабабли ҳосилдан айрилиш хавфи кучаймоқда

Улашиш:

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) қум ва чанг бўронларини одатда ўсимлик қоплами чекланган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда содир бўладиган хавфли атмосфера ҳодисаси сифатида таърифлайди. Кучли шамол тақир ва қуруқ тупроқдан кўп миқдордаги минерал чангларни (қум ва бошқа тупроқнинг устки қатлами материаллари) кўтариб, уларни юзлаб, минглаб километрларгача олиб боради. Сурхондарё вилояти, Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди, Афғонистон билан чегарадош, иқлими кескин континентал бўлган минтақа ҳисобланади. Бу ерда ёз узоқ, иссиқ ва қуруқ бўлади. Сўнгги йилларда эса иқлим ўзгаришлари туфайли шамол ва чанг-тўзонлар кескин кўпайди. Ўзбек гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, фақат 2024-йилда Сурхондарёда 40 дан ортиқ кучли чанг бўронлари қайд этилган, бу 10 йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўплигини кўрсатмоқда. Жамиятда оилалар иқлим ўзгариши натижасида кўплаб жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Чанг зарраларининг ҳавода қолиш муддати уларнинг ҳажми ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ: ҳажман йирик заррачалар тезроқ чўкади, кичикроқ заррачалар эса юқорида учиб юришга кўпроқ мойил бўлади. Шунингдек, чанг атмосферадан ёғингарчилик билан ювилади. Ўртача ҳисобда, улар ҳавода бир неча соатдан (диаметри 10 микрометрдан ортиқ бўлган зарралар) 10 кундан ортиқ (диаметри 1 микрометрдан кичик бўлган зарралар) муддатгача сақланиб қолади.

Қум ва чанг бўронлари чангли тутун ёки чангли туман — тупроқдан кўтарилган чанг ёки қум зарраларининг ҳаводаги аралашмаси — ҳосил бўлишига олиб келади. ЖМТ чанг ёки қум бўронлари туман ҳудудида, яқинида ёки ундан узоқда содир бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. 4 ноябр куни кечқурун Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини айнан мана шундай чанг-қумли туман қоплади.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бундай ҳодиса мамлакатда 150 йил ичида, яъни бутун метеорологик кузатувлар давомида биринчи марта кузатилган. Бир қатор ҳудудларда атмосфера хавосининг кўриниш даражаси 500−1000 метргача, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача ёмонлашган. 

Қишлоқ оилалари учун бу фақат об-ҳавонинг ўзгариши эмас, бу уларнинг тирикчилиги, нони ва фарзандлари келажаги билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Олтинсой туманидаги 60 ёшли Ҳасан ота ва унинг рафиқаси Саодат опа 10 сотих ерни ижарага олиб, сабзавот экади. Уч фарзанди бор. Икки нафари мактабда ўқийди, каттаси эса коллежни битириб, ота-онасига ёрдам бермоқда.

Ҳасан отанинг айтишига кўра, далада қатор қилиб экилган пиёз ўрнида фақат секин ўсиб турган, чангга кўмилган кўкатлар қолган.

“Авваллари даладан йилига икки марта ҳосил олар эдик. Энди эса баҳорда экамиз, ёзга бориб шамол ва чанг ўсимликни қуритиб юборади. Ўтган йил помидор экдик,  ҳосилнинг ярмини ҳам йиғиб ололмадик. Уруғ ва ўғитни қарзга олганмиз. Энди банкнинг босими кучайиб кетди,” — дейди Ҳасан ота.

Саодат опа эса уй ичидаги муаммоларни тилга олади:

“Болаларни мактабга кийинтириш қийин бўлиб қолди. Ўғлим Россияга кетишни ўйлаяпти. Қишлоқда бошқа тирикчилик йўқ.”

2019-йилда ҳукумат қишлоқ хўжалигида сув танқислигини камайтириш учун томчилатиб суғориш тизимларини кенг жорий этиш ҳақида катта дастур эълон қилган эди. Расмий ҳисобларга кўра, минглаб гектар ерда бу тизим ўрнатилиши керак бўлган. Бироқ Қумқўрғон, Денов ва Шўрчи туманларида деҳқонлар ҳали ҳам анъанавий усулда — ариқлардан сув чиқариб, қўл меҳнати билан далани суғоришга мажбур бўлишмоқда.

Фермерлардан бири, исмини ошкор этишни истамаган деҳқон шундай дейди:

“Ҳужжатларда ёзилишича, бизнинг ҳудудимизга томчилатиб суғориш учун қувурлар ўрнатилган. Аслида эса фақат кўрсатиш учун битта кичик майдонда қувурларни ётқизишди, кейин уларни йиғиштириб кетишди. Ҳамма нарса қоғозда қолди, пул эса қаергадир йўқолди.”

Маҳаллий мутахассисларнинг фикрича, бу тизим тўлиқ жорий этилса, ҳосилдорлик камида 30–40 фоизга ошиши мумкин эди. Бироқ коррупция, шаффофликнинг йўқлиги ва назоратнинг сустлиги туфайли деҳқонлар ҳали ҳам оғир меҳнат қилиб, табиатнинг инжиқлигига қарши ёлғиз курашмоқда.

Сурхон водийсида чанг-тўзонлар тобора кўпаймоқда. Эколог Гулбаҳор Худойбердиеванинг сўзларига кўра, бу жараён икки асосий омил билан изоҳланади:

  1. Иқлим ўзгариши – ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қурғоқчилик кучаймоқда.
     
  2. Сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш – Амударё ва суғориш тармоқларидаги сув камайгани сайин тупроқ қуриб, шамол таъсирида чанг кўтарилади. 

“Ҳар бир шамол билан ҳавога кўтарилаётган чанг фақат ҳосилни эмас, одамларнинг соғлигини ҳам емирмоқда. Энг кўп зарар болалар ва кекса одамларга тегмоқда,” — дейди олима.

Сурхондарё қишлоқларида ўртача бир деҳқон оиласи йилига 40–50 миллион сўм даромад олишни кутади. Лекин сўнгги уч йилда бу кўрсаткич икки баравардан кўпроқ камайган. Натижада юзлаб ёшлар Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кетмоқда.

Қумқўрғонлик бир деҳқоннинг айтишича:

“Агар шамол давом этса ва сув масаласи ҳал бўлмаса, бу ерларда одам қолмайди. Ҳамма ташқарига кетади. Қишлоқ харобаликка айланади.”

Бир оиланинг ҳикояси — бутун Сурхон водийсининг муаммоси. Шамол ва чанг далаларни қуритмоқда, коррупция эса мавжуд имкониятларни йўққа чиқармоқда. Агар шаффофлик, технология ва илмий ёндашув тизимга киритилмаса, Сурхондарё нафақат ҳосилдан, балки меҳнаткаш аҳолиси ва ижтимоий барқарорлигидан ҳам айрилиши мумкин.

Бу ҳикоя нафақат иқлим ўзгаришининг, балки бошқарувдаги муаммоларнинг ҳам жонли исботи бўлиб қолмоқда.

Аброр Курбонмуратов 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.